Ҳужжатлар

Президент ташрифидан сўнг: қурилиш-реконструкция ишлари учун 9 миллиард сўм ажратиладиган бўлди


12.06.2017   1105

Мамлакатимизда олиб борилаётган тиббий ислоҳотлар доирасида эндокрин касалликлари профилактикаси, уни эрта аниқлаш ва даволаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги қонуни дастуриламал бўлмоқда.

Фарғона водийси, хусусан, Андижон вилоятида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарғиботи ва даволаш ишлари мутахассислар томонидан яхши ташкил этилгани натижасида эндемик бўқоқ касаллиги 40 фоизгача камайди. Лекин географик жойлашувига кўра, оғир эндемик минтақа ҳисоблангани учун ушбу муаммо ўзининг долзарблигини йўқотмайди. Шу жиҳатдан, эндокринология хизматини такомиллаштириш, замонавий диагностика ва даволаш ускуналари ҳамда юқори малакали кадрлар билан таъминланган, аҳолига юксак технологик тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида диспансеримиз базасида республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиалини очиш кун тартибига қўйилган эди.

Шу боис Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи чоғида шу ҳақда гап борди. Давлатимиз раҳбари уни чуқур ўрганиб, масалани ижобий ҳал этиш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Натижада 120 ўринли диспансернинг мавжуд иншоотларини реконструкция қилиш учун 6 миллиард, икки қаватли ва 30 койкали жарроҳлик бўлимига бино қуриш учун 3 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди. Бундан ташқари, 600 минг АҚШ доллари янги тиббий аппаратуралар сотиб олишга йўналтирилади. Айни пайтда лойиҳалар тайёрланиб, қурилиш-реконструкция ишларига киришила бошланди.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиалининг ташкил этилиши водий аҳолисини Тошкент шаҳрига бориб даволаниш эҳтиёжини камайтиради. Қандли диабетнинг оғир асоратлари ва ногиронлик ҳолатлари ҳамда қалқонсимон без касаллигининг хавфли ўсмага айланиши кўрсаткичлари пасайишига эришилади.

Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, бу, мустақил она Ватанимизда тиббиёт тизимини ривожлантиришга берилаётган эътибор, аҳоли саломатлигини яхшилашга ғамхўрликнинг ифодасидир. Биз, тиббиёт ходимлари эса бундан руҳланган ҳолда элимиз фаровонлиги ва юртдошларимиз соғлиғини сақлаш ишига муносиб ҳисса қўшишга интилаверамиз.

Эргашбой ҲОТАМОВ,

вилоят эндокринология

диспансери

бош шифокори.