Андижон 24

ПРЕЗИДЕНТ ТАШРИФ БУЮРГАН МАҲАЛЛАНИНГ 13 НАФАР ФАОЛИГА КАСАБА УЮШМАЛАРИ САНАТОРИЙ ЙЎЛЛАНМАЛАРИНИ ТАҚДИМ ҚИЛДИ


02.08.2021   835

Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 17-18 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида бўлиб, аҳолининг ҳаёт тарзи билан яқиндан танишган эди. Мулоқотларда қишлоқ ободлиги, оилалар фаровонлигига ҳисса қўшаётган фаоллар меҳнати алоҳида эътироф этилган эди.

Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг қарори билан мазкур маҳаллада умргузаронлик қилаётган 13 нафар фахрий ва фаолларга “Косонсой” санаторийсида саломатлигини мустаҳкамлашлари учун бепул йўлланмалар тақдим этилди.

Йўлланмаларни топшириш маросимида уларнинг Избоскан тумани, жумладан, Урганжи маҳалласидаги янгиланишлар жараёнига муносиб ҳисса қўшаётганлиги алоҳида тилга олинди.

  • Мактабгача таълим муассасасида тарбиячилик қилиб, пенсияга чиқдим, - дейди йўлланма соҳибларидан бири Ортиқхон Каримова. –Таълим-тарбия соҳасидаги озми-кўп хизматларимизга катта баҳо берилганлигидан ғоят миннатдорман. Санаторийда маҳалладошларим билан яйраб дам олиб, янада куч-қувватга тўлиб қайтиб, бундан буён ҳам болаларимиз тарбияси учун қўлдан келганча хизмат қиламиз.

Йўлланмаларни тантанали равишда топшириш маросимида Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Аҳмаджон Ҳаққулов, Федерациянинг вилоят кенгаши раиси Қодиржон Парпиев, вилоят ҳокими ўринбосари Муҳаммаджон Нишоновлар сўз олиб, ҳалол ва фидойилиги билан каттаю кичикка ўрнак бўлиб келаётган юртдошларга самимий тилакларини изҳор қилдилар.