ЖАМИЯТ

ПРЕЗИДЕНТ ТАКЛИФИ АМАЛДА: СОЯ ЕТИШТИРИШ БЎЙИЧА АНДИЖОН ТАЖРИБАСИ ЯРАТИЛМОҚДА


16.06.2021   849

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида Олтинкўл туманидаги «Кўҳна водий баҳори» фермер хўжалиги фаолияти билан танишиб, ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш таклифини берган эди.

Давлатимиз раҳбарининг таклифи мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга йўл очиб берди. Жорий йилда вилоятнинг барча туманларидаги бир қатор фермер хўжаликлари томонидан 25 минг гектар майдондаги ғўза қатор ораларига соя экилиб парваришланмоқда. Умуман, вилоятда ғўза қатор ораларида соя етиштириш бўйича олиб борилаётган ишлар самарали натижалар бермоқда, муайян тажрибалар шаклланди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғўза ва сояни бирданига экиш тупроқ унумдорлигини ошириш, қўшимча дон, тоза ўсимлик мойи олиш, шу билан бирга, ғўзанинг маъданли ўғитларга бўлган талабини камайтириш, тупроқда экологик тоза муҳит яратиш ва органик маҳсулотни юзага келтириш имконини беради.

– Туманимиздаги 274 та фермер хўжалиги далаларидаги 2 минг 55 гектар майдондаги ғўза қатор ораларига соя экилган, – дейди Пахтаобод туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ғайратжон Раҳимов. – Айни кунга қадар сояни парваришлаш бўйича белгиланган барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилди. Амалиётда ғўза қатор орасига илк бор соя эккан бўлсакда, соя ниҳоллари жуда чиройли ривожланди, мўл ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз.

Соя, айниқса, уни ғўза қатор ораларида етиштириш ишларини илм-фан ютуқлари, илғор технологиялар асосида ташкил этиш муҳимдир. Бу ердан унумли фойдаланиш, пахта ҳосилдорлигини, қолаверса, халқ хўжалиги учун ўта фойдали бўлган соя етиштириш хажмини ҳамда хўжаликлар даромадини янада ошириш имконини беради.

– Андижон шароитида ҳар бир қарич экин майдонидан унумли фойдаланишни тақазо этади, – дейди Пахтаобод тумани «Дўстлик» массивидаги «Дўстлик саховат замини» фермер хўжалиги раҳбари Ойбек Тилаволдиев. – Хўжалигимизда 9,3 гектар ғўза қатор орасига соя экилган, Бир майдонга бир вақтнинг ўзида икки хил ўсимлик экиб, ҳар иккаласидан ҳам мўл ҳосил олиш, шубҳасиз, хўжалигимиз даромадини янада оширади.

Андижонлик деҳқонлар кўп йиллардан буён соя етиштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган тажрибали олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, ўз тажрибаларини бойитаётганлиги ҳам мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

Вилоятда мазкур йўналишдаги ишлар ғўза қатор ораларида соя етиштириш ҳажмини йилдан-йилга ошириб бориш, бу борадаги тажрибаларни оммалаштириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида олиб борилмоқда.

З. УМРЗОҚОВ.