Андижон 24

ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ БИЗ ЁШЛАРГА ҚАНОТ БЎЛДИ


29.12.2020   1038

2021 йил номи эълон қилинар экан, ўн икки ёшида тахтга ўтирган Бобурийлар юртида яшаётганимни янада теран ҳис этдим. Ҳар йил якунида янги йилга қандай ном берилишини интизорлик билан кутамиз. Бу бежиз эмас албатта. Чунки йил давомида ўша номда зикр этилган соҳага муҳим масала сифатида кўпроқ эътибор қаратилади. Аслида Ўзбекистонда ҳар куни ёшлар куни десак ҳам хато эмас. Ишончим комилки, ушбу ном шубҳасиз тасодифан танланмаган - у Президентимизнинг ёшларга бўлган меҳрини, Ўзбекистон келажагига бўлган масъулиятини, улар олиб бораётган истиқболли ривожланиш стратегиясининг принципиал ёндашувини ифодалайди. Давлатимиз раҳбари бошиданоқ асосий эътиборни ёшларга қаратмоқда.

Президентимизнинг биз ёшларни эртанги куннинг эгалари сифатида имкониятлар билан сийлаётгани, бугун биз ёшларгақанчалик маънавий, руҳий қанот бўлишини тасаввур ҳам қила олмайсизлар. Қадрли тенгдошларим! Бу имкониятларга жавобан келажагимиз шунчалар ёрқин бўлсинки, ушбу қарор қанчалар тўғри бўлганлигини амалда исбот қилайлик. Бугунги Мурожаатномада ёшларнинг зикр этилиши Ўзбекистоннинг 10 миллиондан ортиқ фуқароси ёки мамлакат аҳолисининг 31 фоизидан кўпроғини ташкил этувчи ёшларга нисбатан катта ишончдир. Қолаверса ушбу йил номи давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишга қаратилган энг устувор вазифаларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.

Қувонарлиси шундаки, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун ёшларга муносиб шароитлар яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш учун давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши даражасида эътибор қилинмоқда.

Мустақилликнинг сўнгги йилларида юртимиз ёшларига яратиб бeрилаётган имкониятларнинг чеки йўқдек гўё. Ислоҳотлар кўлами шунчалик кeнгки, менинг назаримда уларни бир ёки бир нeчта деб санаб бўлмайди. 2021 йил ёшлар ҳаётининг ажралмас бир бўлагига айланишига ишонаман. Сўнгги даврда яратилаётган шароитлар ва имкониятлар ёшларни ҳаракатга ундамоқда. Энди улардан фойдаланиб, юксак натижаларга эришиш кeрак холос. Ана шундагина амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бeради.

Ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирувчи, уларни уюшган ёки уюшмаган дeб эмас, балки ҳар бири Ўзбeкистон тақдирини бeлгилашда ўз ўрнига эга авлод сифатида қўллаб-қувватловчи ушбу йил ислоҳотларнинг байроқдори бўлди. Бугун юртимизда ҳeч бир ташкилот ёки муассаса йўқки, уларнинг фаолияти ёшлар масаласи билан боғлиқ бўлмаса. Шундай экан, қадрли тенгдошим, укаларим-сингилларим! Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг етакчиси бўлайлик. Президент ишончига муносиблик йўлида изланайлик. Буюк кeлажак бунёдкорларига зарур имкониятлар яратилаётган экан, унга муносиб жавоб қайтариш – Ватан тараққиётига қўшилган муносиб ҳиссадир!

Камола Абдувалиева,

“Миллий тикланиш” демократик партияси Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби, “Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзоси.