Андижон 24

Президент Мурожаатига муносабат: БИРЛИК, ЖИПСЛИК ВА САБР-МАТОНАТ БИЛАН ҲАР ҚАНДАЙ МУАММОНИ БАРТАРАФ ҚИЛА ОЛАМИЗ!


14.04.2020   2369

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши аввалида яна бир бор халқимизга қилган мурожаатида ҳар бир фикр, ҳар бир фактни куйинчаклик билан айтиб ўтдилар. Президентимизнинг“Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди”, деган сўзларининг исботи ҳозирги кунда олиб борилаётган ҳар бир чора-тадбирда яққол кўриниб турибди.

Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида ёшларимизга – талабаларимизга яна бир бор эътибор қаратди.

-Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг, - деди Юртбошимиз. - Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг.

Бу сўзларда ўзбек халқининг ўз фарзандларига бўлган бутун меҳри намоён бўлди, десам, муболаға бўлмайди.

Бу мурожаатга жавобан ёшларимиз – талабаларимиз ҳам улкан-улкан ютуқларни, ғалабаларини Президентимизга, халқимизга тақдим этишларига ишонаман. Чунки таълим муассасалари томонидан ҳам бугунги кунда мактаб ўқувчилари, талабаларнинг чуқур билим олишлари учун барча шароитлар яратилган.

Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институтида навбатдан ташқари таътил давомида талабаларнинг билим олишлари учун масофавий таълим дастурлари учун “I-EDU Group” малакалий халқаро мутахассислари билан биргаликда икки ҳафта ичида 699 Гегабайт ҳажмдаги 118 мингтаўқув-услубий ҳужжатлар, шундан соҳага оид 17 минг номдаги ўқув адабиётлари, 30 номдаги ўқув-услубий кўрсатмалар, 2451 дона видео маърузалар, 802 та аудио маъруза, ҳамда 13 мингта тақдимот, 80 минг дона тест саволлар банки жойлаштириш ишлари амалга оширилди. Бунда, 7 та бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 540 та фан мавжуд, жами 5300 нафар, шундан бакалавриат таълим йўналишларида 4320 нафар, магистратура мутахассиликларидан 387 нафарга масофавий ва мустақил таълим олиш орқали ўқув дастурларини ўзлаштиришлари учун шароит яратилди.

Масофавий ўқув жараёнини бошқариш учун http://e-univer.adti.uz/ платформаси жорий этилди.

Талабаларимиз масофавий таълим тизимидан унумли фойдаланадилар ва малакали шифокор бўлишга эришадилар, албатта. Президентимиз ўз Мурожаатларида шифокорларга билдирилган миннатдорчилик сўзлари талабаларимизнинг ҳаракатлари, интилишларига илҳом беради.

Президентимизнинг Зангиота туманида қурилаётган вирусология шифохонаси, диагностика, даволаш, карантин ишлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларга таяниб амалга оширилаётганлиги, мамлакатимизга таклиф этилаётган хорижлик мутахассислар ҳақидаги фикрлари биз ўз касбимизга янада меҳр, садоқат билан қарашга ундади.

Яна шуни айтиб ўтиш керакки, касаллик маҳалламизга, уйимизга, оиламизга кирмаслиги учун, энг аввало, ўзимиз масъулмиз. Гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил. Бу борада Президентимиз “япон феномени”ни мисол сифатида жуда тўғрикелтирди.

Биз миллий қадриятларимиз– қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда, қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби анъаналаримизни янада мустаҳкамлашимиз зарур. Ҳар биримиз кундалик юмушларимизда хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўла амал қилишимиз зарур.

Халқимиз кучли, тадбиркор, доно халқ. Президентимиз Мурожаатларида таъкидлаганларидек: “Ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз!”

Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

АДТИ ректори, профессор.