ЖАМИЯТ

Президент Фармони – ҳаётбахш куч: ОИЛА ВА ЖАМИЯТНИНГ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧИ


26.04.2018   1450

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб эллик фоизини ташкил этадиган аёллар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида, хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар.

Президентимизнинг шу йил 2 февралда қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан бу соҳада устувор йўналишлар белгилаб берилди. Хотин-қизлар қўмитаси ва ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди.

Маълумки, 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир маҳаллада 1 тадан, оилалар сони 2 минг ва ундан ортиқ бўлса, 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди.

Яна бир муҳим масала – хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро қилиш муассасаларидан озод этилган хотин-қизларнинг ижтимоий реаблитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишида давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир йиғилишда хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга алоҳида тўхталиб, жиддий иш юритиш кераклигини таъкидлайди. Бироқ, улар орасида жиноятга қўл урганлар учрамоқда. Бундай ҳолатларга барҳам бериш учун хотин-қизлар ташкилотлари билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида ҳамкорлик изчил йўлга қўйилиши зарур. Аввало, жиноят содир этган хотин-қизлар билан якка тартибда профилактик тадбирлар ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун ҳар томонлама, масалан, бино, ер-жой, кредит олишларида, шунингдек, ижтимоий-ҳуқуқий масалаларда ёрдам кўрсатилса, тадбирлар ўз самарасини беради, албатта. Профилактик ҳисобда турган аёлларнинг оилавий шароити мунтазам ўрганиб борилиши, муаммолари ҳал этилиши уларни оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолишдан асрайди.

Фармон асосида иш ташкил этиш оила ва жамиятнинг мустаҳкам таянчи ҳисобланган хотин-қизларнинг турмушимиздаги ўрни ва мавқеини янада оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Абдумутал АШУРОВ,

Андижон шаҳри прокурорининг

катта ёрдамчиси.