Бугуннинг гапи

ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ ИЖРОСИ НЕГА СУСТ?


11.10.2018   486

Жорий йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»гиФармони қабул қилинган эди.

Мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасига кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида вилоят бўйича 830 тадан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Шу кунга қадар мурожаатларнинг 95 таси ижобий ҳал қилиниб, мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича туман ҳокимликларининг қарори чиқарилган бўлса, 660 дан ортиқ аризалар ижроси таъминланмасдан қолмоқда.

Жалақудуқ туманида 152, Андижон шаҳрида 71, Пахтаобод туманида 72, Қўрғонтепа туманида 70, Марҳамат туманида 55 та мурожаат хал этилмасдан қолмоқда. Бундан ташқари Андижон, Булоқбоши, Избоскан туманлари ва Хонободшахарларидашу кунга қадар бирорта ҳам ноқонуний қурилган якка тартибдаги уй-жойларга нисбатан туман ҳокимликларининг қарорлари қабул қилинмаган.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан мазкур давлат хизматини кўрсатишда иштирок этувчи ваколатли давлат органлари мутасадди ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилишига, шунингдек, МЖтКнинг 2155-моддасига кўра 24 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилганлигига қарамасдан, юқорида кўрсатилган Фармон ижроси таъминланмасдан қолмоқда. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг норозилигига ва юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга, шунингдек, давлат органларига бўлган ишончи пасайиб боришига сабаб бўлмоқда.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 20 июнда қабул қилинган қарорнинг 5-бандида кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссияларининг ишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ишлари уч поғонали - «республика — вилоят — туман (шаҳар)» принцип бўйича амалга оширилиши, 10-бандида эса вилоят, шаҳар, туман ҳокимликлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беришлари белгилаб қўйилган.

Бироқ юқорида келтирилган қонуности ҳужжатларининг ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилмоқда.

М. БОБАХОНОВ,

Андижон вилоят Давлат хизматлари

бошқармаси бош маслаҳатчиси.