Андижон 24

Президент арчаси: БОЛАЖОНЛАР ЧЕҲРАСИГА КЎЧГАН БАХТ


29.12.2018   1736

Арча байрамининг ўзига хос нашидаси бор. Аммо "Президент арчаси" тадбирининг завқи ўзгача. Зеро, бунда бахтиёр болаликнинг таърифларга сиғмас шукуҳи намоён. Вилоят қўғирчоқ театрида бўлиб ўтган мазкур тадбир тантаналари ҳар йилгидан ёрқин ва эсда қоларли ташкил этилди.

Вилоятимиз шаҳар ва туманларидан келган болажонлар қишнинг совуғини канда қилмай театр атрофидаги турли атракционларда мириқиб ўйнадилар. Уларни "сеҳрли эшик" очилиб, кўм-кўк арча "кутиб олди". Скрипкачи ёшлар ижросидаги оҳанглар эса кўзлари ажиб масърурликдан порлаган жажжи кичкинтойларни муҳташам зал томон чорлади. Байрамона безатилган кошонада Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан иборат 327 нафар болажон Ўзбекистон Республикаси Президенти меҳмони бўлишди.

Кичкинтойларни вилоят ҳокими Шуҳратбек АбдураҳмоновЯнгийил билан қутлар экан, юртимизда ёш авлод учун яратилаётган шароитлар ҳамда вилоятимиздатаълим, спорт, санъат ва бошқа соҳаларда эришилаётган ютуқларга алоҳида тўхталди.


Қорбобонинг сеҳрли ҳассасини олиб қочган Қор маликасининг ёвуз ниятини амалга ошишига йўл қўймаслик мақсадида унинг Муз саройига йўл олган билимдон, зукко болажонлар кўплаб қийинчиликларга учрайдилар. Тулкининг айёрлигидан, Бўрининг важоҳатидан қўрқмасдан олға интиладилар.Ялмоғиз кампир ва Бароқ мушукнинг алдовларига учмасдан эзгулик, меҳр-муҳаббат ҳамиша ёвузлик устидан ғалаба қилишини исботладилар. Уларга бу йўлда ихтирочи Олимтой ёрдам беради. Ниҳоят Қорбобонинг ҳассасини қайтарадилар. Ҳақиқий томошалар ана ундан кейин бошланди.

Қорбобо ва қорқиз, турли халқлар эртаклари қаҳрамонлари кўринишидаги чиқишлар байрамга жозиба бағишлади. Барча миллатларнинг куй-қўшиқлари янгради.

Ватан, Истиқлол, Янги йил, бахтли болалик мадҳи оҳанглар, рақсларда намоён бўлди. Тантана сўнгида мамлакатимиз Президенти табриги ўқиб эшиттирилди ва совғалари топширилди.

Ана шундай тадбирлар Андижон шаҳридаги Болалар уйи ва Қўрғонтепа туманидаги "Мурувват уйлари"да ҳам бўлиб ўтди.

«auz.uz» online гуруҳи.