Хорижда

«ПОЛЕ ЧУДЕС»НИНГ СИРИ ФОШ БЎЛДИ


31.05.2019   2251

Дунёнинг ҳамма бурчакларида миллионлаб мухлисларга эга "Поле чудес" ("Мўъжизалар майдончаси") телекўрсатувининг бошловчиси Леонид Якубович Baltkom радиосига берган интервьюсида ўз фаолияти сирлари ҳақида гапирди, дея хабар берди РИА Новости.

Телебошловчининг тан олишича, у ҳеч қачон ўзи бошловчилик қиладиган кўрсатувни телевизор орқали томоша қилмаган. У мазкур кўрсатувни ҳанузгача эфирдан тушмай келаётганига ҳам аниқ билмайди.

"Бу кўрсатув 29 йилдан бери яшаб келаётгани сирини мен ҳам тушунмайман. Рост айтяпман, ҳазиллашаётганим йўқ", - дейди у.

Суҳбат жараёнида Якубович, ҳар сафар "Мотор!" буйруғи берилиши ҳамон, у бундан бошқача лаззатланишини таъкидлади. Унинг айтишича, телетомошабинлар суратга олиш майдонида ҳукм сурадиган муҳитни барибир тўлиқ ҳис қила олмайдилар.

- Одамлар залда жуда хурсанд ўтиришади, кулишади, кўрсатув иштирокчилари ҳазил қиладилар, аммо эфирга буларнинг бир қисми олиб чиқилади, холос. Асосан, бу "савол-жавоблар" бўлади.

"Монтаж" деб номланувчи буюк ва шу билан бирга қайғули бир тушунча бор. Кўрсатувдаги илиқлик, хо-холаб кулишлар ва юмор баъзан қирқиб ташланади. Бу эса, албатта, кўрсатув кайфиятига ўз таъсирини кўрсатади", - дея қўшимча қилди Якубович.

Таъкидлаш жоизки, капитал-шоу "Поле чудес"1990 йилдан буён экрандан тушмай келмоқда. Биринчи бошловчиси Владислав Листьев бўлган мазкур кўрсатув гоҳ пайшанба, гоҳ сешанба кунлари экранга чиққан бўлса, 1991 йилнинг 7 июнидан ҳозирга қадар - ҳар жума кечқурун мухлислар эътиборига ҳавола этиляпти. Леонид Якубович ўзининг биринчи эфирини 1991 йилнинг 22 ноябрида бошлаган.