Андижон 24

ПИЁЗ НАРХИ НЕГА БИРДАН КЎТАРИЛДИ?


20.05.2019   3197

Шу кунларда юртимизда пиёз нархи деярли уч баробар кўтарилиб кетди. Бир кило картошка нархи 2000 сўм бўлган бир пайтда, янги етиштирилган пиёз нархининг 3,5 минг сўмга чиққани (бунинг оқибатида 3000 сўмдан сотилаётган рўзғорбоп карамнинг бир донаси 4-5 мингга кўтарилгани ҳам) кўча-кўйда, бозорларда тез-тез тилга олиняпти.

Пиёз мавзуси бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки Украина ва Европа давлатларида ҳам қизғин муҳокамага сабаб бўляпти. Хусусан, интернет нашрларида пиёз борасида ўзбек тадбиркорларига бу йил омад кулиб боққани, Ўзбекистонда бу сабзавотнинг бир тоннасини 300 долларга харид қилиб, ҳар бир тоннадан 700-800 доллар, ёхуд Украинага экспорт қилинган ҳар бир “фура” пиёздан 15 минг долларгача даромад олиш мумкинлиги ёзилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Шавкат Бобомуродов Sputnik мухбири билан мулоқотда маҳсулот нархининг кўтарилишини асосан эски ҳосилнинг тугаб бораётгани ва янги пиёзнинг энди етиштирилиб, бозорларга етказиб берилаётганида эканлигини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, пиёз мамлакатимизда асосан Сурхондарёда етиштирилади, шунингдек, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ҳам оз миқдорда етиштириш йўлга қўйилган. Бугунги кунда пиёз, асосан, тўқсонбосди усулида етиштирилиб келинади. Жорий йилда 24500 гектар майдонда 1 миллион 420 минг тонна пиёз етиштириш режалаштирилган. Сабзавот нархи эса июнь-июль ойларига бориб тушиши кутилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон йил бошидан буён шу кунга қадар 186 минг тонна пиёз экспорт қилган.

“Аслида пиёз нархининг 3,5 минг бўлиши ҳозирги мавсум учун табиий ҳол. Фермерларга пиёз етиштириш ҳар бир килоси учун 700-800 сўмга тушмоқда. Шу боис, ҳозирги нарх истеъмолчиларни таажжубга солмаслиги керак", - дейди у.

Экспертнинг айтишича, картошка такрорий майдонларда, ҳудудлар иқлимидан келиб чиққан ҳолда плёнка остига экилиши мумкин бўлган бир пайтда, пиёзни бу усулда экиб бўлмайди. Шу боис, эски ҳосил тугаши арафасида ва янгиси энди чиқаётган маҳалда сабзавотлар нархида бир оз қимматлаш юз бериши мумкин.

Европалик таҳлилчиларга ҳозирда бир килоси 4-5 евро турадиган пиёз нархи яна ошиши мумкинлиги таъкидлашяпти. Ўзбекистонда шу кечаю-кундузда бир килоси 3,5 минг сўм ёки (0, 27 евро) етган сабзавот нархи эса июнь ойидан бошлаб арзонлаши кутилмоқда.