ЖАМИЯТ

PISA ДАСТУРИ ЎҚУВЧИГА НИМА БЕРАДИ?


24.04.2020   10361

Маълум муддат уй бекасига айланиб, яқинда ишга қайтган ҳамкасбим PISA дастурини тушунишга қийналаётганини айтиб қолди. Бундан кулмаслик керак. Замон тараққий этгани сари фаолиятимизга янгидан-янги ташаббуслар, атамалар кириб келяпти. Таълим соҳасида катта ўзгаришлар юз беряпти. Турли дастурлар ишлаб чиқиляпти. Буларнинг барчаси ёш авлодни кенг миқёсда атрофлича фикрлашга, воқеаларга ақлий ёндашишга ундаш йўлида амалга ошириляпти.

PISA дастури ҳам ана шу янгиликларнинг бири. Бу хусусида ўқитувчиларнинг аксарияти озми-кўпми маълумотларга эга. Оддий тилда тушунтирилганда, у – ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқот дастури. Бундан кўзланган асосий мақсад эса, 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлик даражаларини аниқлашдир. Мазкур дастур асосида таълим олувчиларда ижодий фикрлаш кўникмаларини турли хил тестлар кўринишида баҳолашдир.

Тан олишимиз керак, таълим соҳасида илгари бир томонлама ўқув жараёни оммалашганди. Ўқитувчи дарс ўтади, аввалги мавзу бўйича ўқувчиларни баҳолайди, янги мавзуни тушунтиради. Шу билан 45 дақтқани якунлайди. Кўринадики, фақат муаллим асосий роль ўйнайди.

Ушбу дастурга мувофиқ эса эндиликда ўқувчи ижодий ва танқидий, таҳлилий фикрлайди. Бу дастур билан ишлаганда, ўстоз ҳар бир машғулотга камида иккитадан тест тайёрлаши зарур. Биринчидан, ўқувчининг дарсга қизиқиши ортса, иккинчидан ўйланишга мажбур бўлади, фикрлаш доираси кенгаяди. Сўнггида эса дарс мавзуси кутилганидан аълороқ мустаҳкамланади. Масалан, математика дарсларида “қўшиш”, “айириш”, “кўпайтириш”, “бўлиш” амалларини тушунтиришда оддий ва содда тилда кундалик ҳаётимиздан келиб чиқиб, боланинг ўзини ҳам фикрлашга ундайдиган мезонларга таяниш лозим. “Сотувчи ва харидор”, “Ота-она ва фарзанд”, “ака ва ука” сингари диалоглардан фойдаланиш яхши самара беради. Албатта уларда “олди-берди” кўринишидаги ҳолатлар намоён бўлади.

Бугун ёшлар интернет, компьютер технологияларини пухта ўзлаштиришяпти. Ўткир интеллект ўқитувчида ҳам, ўқувчида ҳам шаклланиши зарурияти туғиляпти. Ўқувчи олдида обрўсизланиб қолмаслик тақозоси педагогни ҳам ахборот технологияларини мукаммал билишга чақиряпти.


Марғубахон ШАМСИДДИНОВА,

Андижон шаҳридаги 13-ИДУМ математика фани ўқитувчиси.