Андижон 24

«Пилла-2020»: ТАРАДДУД ҚИЗҒИН. ҲОСИЛ БЎЛАДИ, АЛБАТТА!


20.04.2020   1021

Жалақудуқ туманида 2020 йилда 3310 қути ипак қуртини парваришлаш ва 182,2 тонна пилла етиштириш бўйича 897 нафар касаначи ва 371 та фермер хўжаликлари билан «Ҳарир тола» МЧЖ ўртасида контрактация шартномалари тузилди.

Айни пайтда ипак қуртларини жонлантириш учун 33 та инкубатория хоналари 4 % ли фармалин эритмаси билан икки маротаба дезинфекция қилиниб, тайёр ҳолатга келтирилди. Шунингдек, қурт боқувчи хонадонларда ипак қуртини парваришлаш учун жойлари ҳозирланиб, дезинфекция ишлари олиб бориляпти. Массивлардаги тутзорлар олдида 8 та муқим, 6 та енгил типдаги кўчма қуртхоналар касаначиларга топширилган.

Апрель ойи бошларида туманда об-ҳаво совуқ келиши сабабли 2020 йил режасидаги 3310 қути уруғини жонлантириш ҳам бир мунча кечикди. 555 қути қурт уруғи 18 апрель куни қўйилди ва қолгани 25 апрелларга қўйилиши режалаштирилмоқда.

2019 йил куз мавсумида 105 минг дона тут кўчати фермер хўжаликлари ва касаначиларга етказиб берилиб, экилди. Шу йилнинг ўзида «Ҳарир тола» МЧЖ томонидан 352 минг дона кўчатлар олиб келиниб, тутзор қатор ораларига ва дала четларига ўтқазилди.

Пилла етиштириш бўйича бошланган ишлар олдидан қўйлар сўйилиб, хайр-эҳсонлар ўтказилди ва барака тилаб, дуолар қилинди

Жалақудуқ тумани ҳокимлиги матбуот хизмати