Жамият

PHOTOGRHY LIFE ТЕЛЕКАНАЛИНИНГ ВАКИЛЛАРИ АНДИЖОН ЗАМИНИДАи


30.03.2019   206

Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси таклифига биноан американинг таниқли Photogrhy life телеканалининг вакиллари Насим Мансуров, Вильям Махер ва Патрик Келли Ўзбекистонда бўлиб туришибди. Бир ой мобайнида улар мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, миллий ҳунармандларнинг асарлари, ижтимоий ҳаётнинг бошқа жабҳаларини суратга олиб, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилувчи фотоальбом яратадилар.

Вилоятимиз билан танишувни меҳмонлар Андижон шаҳридан бошладилар.

Аслида Фарғонанинг Марғилониданман, дейди ижодий гуруҳ раҳбари Насим Мансуров. Истиқлол туфайли 20 йил муқаддам Колорадо штати университетига ўқишга кирдим. Сўнгра телеканалга ишга таклиф қилишди. Турфа мамлакатлар, турли халқлар маданияти билан танишдим. Дилимда эса Ўзбекистонни дунёга танитиш истаги бор эди. Бетакрор табиатимиз, бой тарихимиз, меҳмондўст халқимиз ҳақида ҳикоя қилувчи фотоасарлар яратишни ният қилдим. Бу истагим бугун амалга ошаётганидан мамнунман.

Насим Мансуровнинг дўсти, Колорадо университети битирувчиси андижонлик Улуғбек Қосимхўжаев ҳозирда туризмни ривожлантириш бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатади. Унинг сўзларига кўра, Насимжон яратган "Photogrhy-life.com" сайтини ҳар ойда 5 миллион ўқувчи кузатиб борар экан.

Мамлакатимиз Президентининг хориждаги ватандошларга қилган мурожаатидан илҳомланган Насимжон ва унинг ҳамкасблари ўзларининг сара ишларини республикамиздаги нашриётларга беминнат тақдим этганликлари ҳам диққатга сазовор.

Меҳмонлар вилоят марказидаги "Жомеъ" комплексини кўздан кечирдилар. Ҳунармандлар дўконларини айландилар, дўстона суҳбатлар қурилди. Қўғирчоқ устаси Нигора Раҳимова, юз нафар шогирд тайёрлаган зардўзлик санъати давомчиси Иродахон Қорабоева, заргар Нозимжон Ҳошимов маҳсулотлари тасвирга туширилди. Телеканал ижодкорлари вилоятимизда уч кун меҳмон бўладилар.

Шефие ИмонҚулова.

Хурсандбек Араббоев

олган суратлар.