Андижон 24

Пенсия таъминоти: Кексалик эшик қоққанда


01.03.2018   2112

Кўпчилик фуқаролар пенсия ёшига етганларидан сўнг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилишади ва тайинланган пенсия пулидан рози бўлишиб, раҳмат айтиб кетишади. Чунки улар ўз даврида кўп меҳнат қилган ва керагидан ортиқ иш стажларига эга. Аммо айрим фуқаролар мурожаат қилишганида, уларнинг бирор жойда ишламаганлиги ёки етарли стажга эга эмаслиги маълум бўлади ва пенсия тайинлаш рад этилади.

Шунда баъзилар "Эҳ, аттанг, мен ҳам ўз вақтида бирор ерда ишлаганимда, қариганимда пенсия олган бўлардим, бирор коримга ярарди", дея афсус ила бош чайқайдилар.

Ўзбекистон Республикаси "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунининг 1-моддасида иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ва уларнинг оилалари давлат пенсиялари олиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгилаб қўйилган.

Давлат пенсиясини олиш учун, албатта, давлат идора ва ташкилотларида ишлаш шарт эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги "Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек, уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори айнан шуни назарда тутади. Унга кўра, юртдошларимиз чет элда ишлаб келиб ҳам, ёки якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланиб ёки деҳқон хўжалиги аъзоси сифатида меҳнат фаолияти қилиш билан ҳам пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бунинг учун улар пенсия жам-ғармасига суғурта бадалларини Низомда белгиланган тартибда ва миқдорда тўлаб боришлари керак.

Мазкур Низомга асосан, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари миқдорини мустақил равишда, бироқ ҳар ой учун тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробаридан кам бўлмаган даражада белгилаши мумкин. Улар бадалларни ҳар ойда ёки ҳар чоракда ёхуд бир йўла Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб уч ой мобайнида тўлашлари лозим. Якка тартибдаги тадбиркор ва деҳқон хўжалиги аъзоси эса мавжуд имкониятлар ҳамда пенсия билан таъминланишнинг миқдоридан келиб чиқиб, лекин Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 311-моддасида кўрсатилган энг кам миқдордан оз бўлмаган тарзда белгилайди.

Ушбу масалалар бўйича батафсил маълумот олиш учун фуқаролар ўзлари яшаб турган жойдаги давлат солиқ идораларига ёки бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат этишлари мумкин.

Азизлар, кексалик эртами, кечми, барибир эшик қоқади. Унга "эшик" очишдан олдин ўйлаб кўринг: умрингизнинг шу даври учун сиз нима иш қилдингиз?

М. АҲМЕДОВ,

БТПЖ Марҳамат тумани бўлими бош юридик маслаҳатчиси.