АТРОФГА НАЗАР

ПАРША (ҚЎТИР) КАСАЛЛИГИ


27.07.2023   158

Cladosporium carpophilum (шафтоли)

Касаллик шафтолининг новда ва баргларини зарарлайди. Аммо, ҳақиқий зарар мевада кўринади. Ёмғир ёки шамол орқали тарқалади ва меваларни зарарлайди. Парша касаллиги юққандан кейин 15-20 кун ўтиб унинг белгилари пайдо булади.

Олма ва нокда касаллик билан барглар, мевалар, новдалар, барг бандлари, мева банди, гул коса барглари зарарланади. Касалланган баргларнинг устки томонида юмалоқ қўнғир доғлар, орка томонида эса духобасимон тўқ яшил ғуборлар пайдо булади. Натижада барглар қурийди ва тўкилиб кетади. Касалликнинг биринчи таркалиш манбаи - касаллик замбуруғлари қишлаб чиққан барглар хисобланади.

Зарарланган меваларнинг атрофида кумуш ранг, кулранг ҳошия билан ўралган тўқ зангори рангли доғлар ҳосил булади. Намгарчилик кўп бўлган пайтларда доғлар сиртида қўнғир рангли духобасимон ғуборлар пайдо бўлади. Меванинг доғ тушган жойларидаги тўқималар пўкаклашади ва бу жой ўсмайди. Натижада ёрилади ва мева қинғир-қийшиқ бўлиб қолади. Барг ва мева бандларининг энг хавфли формаси - бу гулкоса баргларининг зарарланишидир, чунки бу ердан касаллик мевага ўтади.

Баргларда қиш давомида ҳосил булган замбуруғ мева танасидаги сумкаспоралари аста-секин ҳосил бўлишига олиб келади. Агар баҳор эрта келиб, олма барглари эрта ёзилса, уларда сумкаспоралар ҳам эрта етилади. Етилган сумкаспоралар ҳаво оқими ёки ёмғир томчиларининг сачраши ёрдамида олма ва нокнинг баргларига келиб тушади ва уларни бирламчи зарарлайди. Замбуруғ бундан ташкари мицелий ҳолида ҳам, зарарланган новдаларнинг куртакларида қишлаши мумкин.

Кураш чоралари: Боғларда доимо юқори агротехник тадбирлар ўтказиш, тупроқнинг қуриб қолишига йул қўймаслик. Зарарланган новдаларни қирқиб, боғдан чикариб ташлаш. Боғнинг қатор ораларини кузда шудгорлаш, яхоб суви бериш ҳамда фосфор ва калий ўғитлар билан ўғитлаш каби агротехник тадбирлар касалликни олдини олишда мухим рол ўйнайди.