Жамият

Парацетамолнинг зарари бор


12.02.2018   311

Парацетамол дори воситаси жинсий гормонларга салбий таъсир қилиб, бепуштлик ёки ҳомила ривожланишида нуқсонлар хатарини оширади. Сан-Диего (АҚШ)даги Human Longevity тиббиёт ташкилоти олимлари шундай хулосага келишди. Бу ҳақда EBioMedicine журнали материалига асосланиб РИА Новости маълум қилди.

Тадқиқотда 18 ёшдан катта 455 киши қатнашганлиги билдириляпти. Бундан ташқари, таҳлилга 1880 нафар европалик эгизак ва афроамерикан ёки испан ирсий илдизларига эга 1235 киши текширилганда олинган маълумотлар киритилган. Олимлар метаболизм (моддалар алмашинуви) учун муҳим бўлган 700 та бирикма миқдори ўзгаришини кузатишган.

Аниқланишича, барча гуруҳларда парацетамол қабул қилиш билан боғлиқ нейростероид жинсий гормонлар камайиши кузатилган. Бундаги салбий эффект организмнинг гормонал даражада 35 йил қаришига тенг бўлган, бу эса, ўз навбатида, плацента дисфункцияси ва репродуктив қобилиятларнинг бузилишига олиб келади. Бу, шунингдек, асаб тизими касалликларга олиб келади ҳамда ҳомила тушиб қолиши ёки ҳомила ривожланишида нуқсонлар хатарини оширади.