Андижон 24

ПАНДЕМИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШДА ХАЛҚИМИЗДА МУАЙЯН ТАЖРИБА ОРТТИРИЛДИ


02.05.2020   1496

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 29 апрель куни ўтказилган онлайн видеоселектор йиғилиши айни кунда пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига бағишланди. Муҳтарам давлатимиз раҳбари Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида юз берган табиий офат ва унинг оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирларига ҳамда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида юртимизда амалга оширилаётган ишларга муносабатини билдирар экан, бу борада халқимизнинг сабр-тоқати, машаққатни енгишдаги иродаси учун миннатдорлик билдирдилар. Бу, албатта, халқимиз учун катта эътироф.

Дарҳақиқат, юртбошимиз таъкидлаганидек, “Мамлакатимизда пандемияга қарши кураш борасида ўтган вақт мобайнида муҳим тажриба орттирилди. Энди ундан юқумли касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш ҳамда тиббий маданиятни ошириш йўлида самарали фойдаланишимиз зарур”. Таъкидлаш керак, бугун бу талабларга барчамиз қатъий амал қилмасак, санитария-карантин нормаларига аҳамият бермасак, Президентимиз бошчилигидаги куну тун халқ саломатлиги, хавфсизлиги, эртаси йўлида меҳнат қилаётган фидойиларнинг хизматлари зое кетиши ҳеч гап эмас. Бу ерда, албатта, биринчи навбатда, ҳар биримизнинг соғлиғимиз ўзимизга ва, айни вақтда, бутун халқимизнинг соғлиғи ҳар биримизга, бизнинг онгу тафаккуримиз, тартиб-интизом ва сабр-бардошимизга боғлиқдир.

Тан олишимиз жоиз, бугунги синовли паллада озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолини сифатли маҳслотлари билан таъминлашда муаммолар келиб чиқмаслиги учун янги-янги ташаббуслар илгари суриляпти. Мазкур йиғилишда ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб ўтган Президентимизнинг фикрлари замирида доимгидай халқ манфаатлари мужассам. Хусусан, пишиб етилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, фермер ва деҳқонларимиз томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш учун вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат берилгани бу борада айни муаммо келиб чиқмаслиги кафолоти бўлди.

Халқимиз қарийб бир ярим ойдан ортиқ вақтдирки, “Уйда қолинг” деган даъватга мукаммал амал қилмоқдалар. Ялпи карантин шароитида яшамоқнинг ўзи бўлмайди аслида. Оилам, бола-чақам, деб тиниб-тинчимайдиган, эртаю кеч ғайрат билан меҳнат қиладиган халқимиз учун бундай мажбурий ҳолат, албатта, осон кечмаяпти. Мана шундай синовли даврда чинакам сабр-тоқат ва масъулият, меҳр-оқибат фазилатларини намоён этаётган халқимизга ҳар масалада кўмакдош бўлиш, муаммоларига ечим топишга ёрдамлашиш олий мақсадимизга айланган.

Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қоунунчилик палатаси депутати.