Андижон 24

Пандемия: ЭНГ ЮҚОРИ НУҚТАГА ҚАЧОН ЧИҚАМИЗ?


19.04.2020   799

Эътиборингизга куннинг бош мавзуси бўлиб турган коронавирус пандемияси ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мамазоир Аҳмедович Ҳўжамбердиев билан суҳбатни ҳавола қиламиз.

-Мамазоир Аҳмедович. Инсониятга қирон келтирган эпидемиялар хусусида ёзма манбаларда маълумотлар қолдириган бўлсада, коронавирус каби кенг тарқалган инфекцияни ҳали учратмаган эдик. Бунинг сабабини қандай изоҳлаш мумкин?

-Ўтган йилнинг декабрида Хитойнинг Ухань шаҳрида қайд этилган вируснинг нақадар тез юқувчанлигини тиббиёт ходимлари ҳам пайқамай қолишди. Аҳолиси жуда зичлигини инобатга оладиган бўлсак, эҳтиёт чораларини кўриш учун вақт ниҳоятда қисқалик қилди. Қолаверса, касалликнинг келиб чиқиши, ривожланиши хусусида мутахассисларда аниқтаҳлилий маълумотлар йўқ эди. Натижада Хитойнинг ўзида коронавирус 80 минг кишига юқди, 15 мингги эса нобуд бўлди. Мутахасислар фикрига кўра, назоратсиз юрган битта бемор 400 тагача одамга вирусни юқтириши мумкин экан.

-Асосан кекса ёшдагилар хавф гуруҳига киради, деган таҳмин бор.

-Тўғри, дастлаб кексаларга тезроқ юқади ва ривожланади, деган фараз бор эди. Европа ва Америкада қайд этилган статистикага кўра, хасталикка чалинганларнинг ярмидан кўпини 50 ёшгача бўлган инсонлар ташкил қилаётгани бундай ёндашув ўринсиз эканини кўрсатди. Бугун иммунитети паст, қолаверса бошқа сурункали касаллиги мавжуд бўлган инсонлар энг заифлар қаторида турибди.

-Коронавирусга қарши вакцина қачон яратилиши мумкин?

-Дунёда 10 га яқин давлатда бу борада изланишлар олиб борилмоқда. Жаҳоннинг етакчи, тиббиёт соҳаси ривожланган, авваллари ҳам шунга ўхшаш юқумли касалликларга қарши восита ихтиро қилинган мамлакатлар шулар жумласидандир. Ўзбекистонлик олимлар ҳам хорижий шифокорлар билан доимий алоқада. Бизда ҳам маълум ишлар олиб борилаяпти. Вакцина яратиш учун 5-6 ой зарур бўлади.

-Ўзбекистонда қайд этилаётган хасталикка оид статистик маълумотлар бир қадар барқарорлашди. Бу пандемиянинг юқори нуқтасидан ўтиб олганимизни англатадими?

-Бу саволга олимлар ҳам жавоб беришга ҳозирча ожиз. Ҳароратнинг 26 даражадан юқори кўтарилиши вирус тарқалишини секинлаштиради, қолаверса қуёшнинг ультрабинафша, ультрақизил нурлари ҳам юқиш жараёнини сустлаштиради.

-Ўзбекистонимиздаги вазият бир қадар мўътадиллашди, дедик. Бунинг ортида улкан ҳаракат ва матонатли меҳнат ётибди. Таққослайдиган бўлсак, ҳолатни қандай баҳолайсиз?

-Албатта, муҳтарам Президентимиз томонидан шошилинч ва таъсирчан чоралар кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Мамлакатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қатор қарор ва фармонларни имзоладиларки, буларнинг барчаси аҳоли саломматлиги ва ҳаётини сақлаб қолиш, иқтисодий инқирознинг олдини олишга қаратилган.

Дори ва ҳимоя воситалари, сунъий нафас олиш аппаратлари, касалликни аниқловчи тестлар сотиб олинмоқда. Айтиш жоизки, шундай оғир дамда Ўзбекистон минтақа давлатларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатаётгани ҳам яқин қўшничилик алоқаларидан далолат беради.

Дунёдаги ривожланган мамлакатлар, жумладан АҚШ, Италия, Испания, Германия, Буюк Британия ва бошқа давлатларда касалланганлар ва ўлганлар сонини Ўзбекистондаги рақамларга таққосласак, биздаги ҳолат анча жиловланганлигини кўрсатмоқда. Дарҳақиқат, юқоридаги чоралар натижасида катта талофатларнинг олди олинди. Иқтисодиёт тармоқларини ҳам секин-аста ишга тушириш ҳаракати бошланди. Аммо бу - хавф орта қолди, дегани эмас.

Уйда қолиб, томорқа билан шуғулланиш мақсадга мувофиқ. Вилоятимизда яқин 25 минг гектар томорқа майдонлари бор. Уларнинг 90 фоизида экин экиш якунланди. Ҳунармандчилик, уй шароитида ишлаб чиқариш, 30-50 кишилик кичик бизнес субъектларини юргизиш мумкин.

Президентимиз бот-бот такрорлаганларидек, фақат қатъий интизом, меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжихатлик билан бу офатни енгиб ўтамиз. Барчага карантин қоидаларига тўлиқ риоя этишни яна бир бор тавсия этаман. Саломат бўлинглар, азизлар.

Суҳбатдош С.Шукуров.