Жамият

Пахтаободда янги шифо масканлари


09.12.2017   312

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида тиббиёт соҳасида соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни яратиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бў-йича кўрсатма ҳамда қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Шу асосда тизимда йирик бунёдкорлик, реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Биргина Пахтаобод туманида учта тиббий муассасанинг ишга туширилиши бунинг амалдаги ифодасидир.

Бахтимиз Қомуси – Конституциямизнинг 25 йиллиги байрамига вилоятимизнинг чекка қишлоқларидан бири бўлган ва 46 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Маданиятда янги шифохона фойдаланишга топширилди. Қарийб 30 йилдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиб, деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган шифохона қайта реконструкция қилинди, қўшимча бинолар қурилиб, янги қиёфага эга бўлди. Ички касалликлар, болалар ҳамда туғруқхона бўлимлари, тез тиббий ёрдам хизмати, шунингдек, 250 қатновга мўлжалланган поликлиника қаттиқ-юмшоқ мебеллар ва замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Реконструкция ишлари "Андижонсувдренаж" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди.

Шифохонанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, юртдошларимизни қўшалоқ байрам билан муборакбод этди. Меҳмонлар янги масканнинг шароитлари билан танишдилар.

Худди шу куни туман марказида жойлашган 70 ўринли туғруқ комплекси биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Мазкур объект Акбаржон Мақсумов раҳбарлигидаги "Ҳамкор транс барака" МЧЖ қурувчилари томонидан 2,2 миллиард сўм давлат маблағи ҳисобига барпо этилди.

Бўстон қишлоғида оилавий поликлиниканинг ишга туширилиши ва "Huinday" тез тиббий ёрдам машинасининг берилиши аҳоли қувончига қувонч қўшди. Бинонинг таъмирланишига дастур бўйича 380 миллион сўм маблағ сарфланди.

Тинчлик-осойишталик ҳукмронлик қилаётган юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ ушбу тиббий масканлар юртдошларимиз саломатлигини яхшилаш учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Нилуфар

ЙЎЛДОШЕВА.

Суратда: очилиш маросимидан лавҳалар.

Зуҳриддин

УМУРЗОҚОВ

олган сурат.