Андижон 24

ПАХТАБОДДА СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ ТАШИШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ВАГОНЛАРНИНГ ЯНГИ МОДИФИКАЦИЯЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА + (ФОТО)


02.07.2020   1895

Мамлакатимизда аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот”АЖ томонидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тизимнинг моддий-техник базаси янгиланиб, модернизация қилиняпти. Кейинги йилларда соҳани ислоҳ этиш йўлида амалий қадамлар ташланди.

Республикамиздаги мавжуд 3,6 млн. истеъмолчилар 4,5 млн. дан ортиқ маиший газ баллонларидан фойдаланяпти. Истеъмолчиларнинг суюлтирилган газга бўлган талаби ортаётганидан келиб чиқиб. автотранспорт воситаларида ташишдан вагон-цистерналарда ташишга босқичма-босқич ўтказиш режалаштирилган. Шу сабабли, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ 42 тоннагача углеводород газини ташишга мўлжалланган 15-9872 моделидаги вагонларнинг янги модификацияларини ишлаб чиқариш бўйича Андижон механика заводидан қабул қилиб олинди.

Заводнинг Пахтабод филиалида ишлаб чиқарилаётган мазкур цистерналарда суюлтирилган газ ташишнинг ўзига хос афзалликлар бор. Бу вагонлардан иборат битта таркибда 2000 тоннагача бўлган суюлтирилган газни ташиш имконияти мавжуд. Натижада ташиш ҳажми 40 фоизгача ортади.

Шунингдек, ортиқча харажатлар ҳам тежалади. Ўз навбатида узоқ ҳудудларда жойлашган истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини ўз вақтида қондирилишига олиб келади.

Ҳозирда водий вилоятларига олиб келувчи вагон-цистерналарнинг сиғими 60 м³ бўлса, янги модификациядагиларники 83 м³. Битта 60 м³лик вагондаги суюлтирилган газ 1500 дона маиший газ баллонга етса, янги турдаги цистерналарда бу кўрсаткич 300 тага ортади. Дастлабки 5 та вагон-цистернада олиб келинган суюлтирилган газ 9 минг хонадондаги истеъмолчиларга етказиб бериляпти.

Юқоридагилар тизимда амалга оширилаётган ислохотларнинг бир қисми. Бундай лойиҳалар келгусида истеъмолчиларни тўла суюлтирилган газ билан таъминланишига хизмат қилади.

«auz.uz»online гуруҳи.