Андижон 24

«Пахта-2019»: УЛУҒНОРДА ТЕРИМ АВЖИДА


17.09.2019   1928

Куз фасли бошланиши билан юртимизда пахта йиғи-терим мавсуми ҳам бошланади. Бугун қай бир қишлоққа борманг этакни бўйнига илиб олиб, “оқ олтин”ни ўз вақтида нест-нобуд қилмасдан териб олишга хиссасини қўшмоқчи бўлган минглаб теримчилар дала майдонлари томон отланаётганига гувоҳ бўласиз.

Теримчилар орасида нафақат фермер хўжаликларининг аъзоларини, балки юртимизда фаолият олиб бораётган саноат, иқтисодиёт ва аграр соҳа вакилларидан иборат ташаббускор ҳашарчиларни ҳам кўриш мумкин. Деҳқоннинг баҳордан то кузга қадар қилган меҳнатини қадрлайдиганлар орасида вилоят бозорлари ва савдо комплекслари уюшмаси тизими меҳнаткашлари ҳам борлиги қувонарли, албатта.

Ҳашарчилар айни пайтда Улуғнор тумани, Мингбулоқ массивидаги 26-отрядга қарашли “Муслимахон ери” фермер хўжалигидаги теримга кўмаклашишмоқда. Хўжалик раҳбари Алимардон Нуралиевнинг айтишича, дастлабки уч кунда теримчилар йигирма тоннадан ортиқ миллий бойлигимизни ҳирмонга топширишга муваффақ бўлишган.

- Ҳар мавсумда раҳбариятдан ташаббускорларнинг дастлабки гуруҳига қўшишларини илтимос қиламан, - дейди Балиқчи туманидаги озиқ-овқат деҳқон бозори ходими Матлубахон Усмонова. – Сабаби кунига 80-100 килограмм териш орқали қўшимча даромадга ҳам эришаман. Мисол учун ўтган йилдаги терим охирида эҳтиёжларим учун бир қанча уй жиҳозларини олганман. Жорий йилги мавсумда ҳам қуруқ қўл билан қайтиш ниятим йўқ.

Отряд раҳбари Раҳматиллонинг маълум қилишича, ҳашарчиларнинг терим суратини янада оширишлари учун барча шароитлар мужассам қилинган бўлиб, бепул уч маҳал овқат билан таъминланмоқда. Шунингдек, уларнинг дам олишлари учун турли давра суҳбатлари, маданий-маърифий кечалари ташкил этилиши белгиланмоқда.