Андижон 24

Озодликда бошланган ободлик


20.06.2018   1476

Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида “Обод қишлоқ” дастури доирасида туманларда ободонлаштириш бунёдкорлик борасида амалга оширлиши лозим бўлган ишлар юзасидан чора-тадбирларни белгилаб берди. Шунингдек, шаҳарларларда яшовчи аҳолининг турмуш ва ҳаёт тарзини янада юксалтириш юзасидан “Обод маҳалла” дастурига оид алоҳида қарор қабул қилинди.

Дастур асосида Андижон шаҳридаги Озодлик маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кенг кўламли ишлар бошланди. Ушбу ҳайрли иш олдидан эрта тонгда вилоят ҳокими маҳалла фуқаролари билан мулоқот ўтказиб, «Обод маҳалла” дастурининг мазмун-моҳиятини, амалга ошириш тартиби хусусида батафсил тушунча берди.

Озодлик маҳалласидаги 840 та хонадонда истиқомат қилаётган 6 мингдан зиёд аҳолининг турмуш шароити билан яқиндан танишди.

Маҳалла худудида 25 та кўча, 3 та кўп қаватли уй, ҳамда 2 та умумий ўрта таълим мактаби ва тиббиёт коллежи мавжуд. Бунёдкорлик ва ободлаштириш ишлари давомида муҳандислик тармоқлари қайта бунёд этилади. Вилоят раҳбари режалаштирилган ишларни тез ва сифатли амалга ошириш юзасидан мутассадиларга топшириқлар берди. Маҳаллага қўшимча 1 дона янги трансформатор қўйилиб,79 дона ёғоч таянлар, бетон таянчларга алмаштирилади. 4,8 киломтер кўча асфальтланиб, светодиодли чироқлар ўрнатилади. Бундан ташқари 8,6 километр газ тармоғини таъмирлаш режалаштирилган. Ушбу жараёнда маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси янгидан қурилади, тадбиркорлар томонидан маҳалла гузари, маиший хизмат шаҳобчалари бунёд этилади.

Мулоқот давомида вилоят ҳокими озодликларни ҳамжиҳатликда иш ташкил этишга чорлаб, ўз хонадонларини янгича қиёфада таъмирлашлари мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

“Обод маҳалла” дастури доирасида Янгибозор ҳудудидаги Буюк Турон кўчасида ҳам таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари жадал суратларда бошланди. 475 метр узунликдаги ушбу кўчада режага зид равишда қурилган савдо расталари олиниб, йўл бўйидаги ноқонуний қурилмалар бузилмоқда. Элетр тармоқлари ҳамда таянчлар янгисига алмаштирилмоқда. Техниклар ёрдамида эски лотоклар ковлаб олиниб,йўл кенгайтириляпти. Тез кунларда Буюк Турон кўчаси ҳам Андижон шаҳрининг яна бир кўркам масканига айланиши шубҳасиз.

Жаҳонгир Содиқжонов.