ЖАМИЯТ

O’ZLIDEP ТОМОНИДАН ДЕПУТАТЛИККА КЎРСАТИЛГАН НОМЗОДЛАР ҚАНДАЙ ЭЗГУ ҒОЯЛАРНИ ИЛГАРИ СУРМОҚДАЛАР?


18.12.2019   1251

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараёнга тайёргарлик авж паллага кўтарилди. Миллий қонунчилигимизнинг демократик тамойиллар асосида янада такомиллашгани, фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий онги юксалиб, турмуш фаровонлиги ошиб бораётганлиги сайлов жараёнларининг янада очиқ, ошкора ва уюшқоқлик билан ўтишини таъминлайди. Муҳим сиёсий тадбирни мамлактимиз қонунчилигининг демократик қоидаларига риоя этган ҳолда ўтказиш фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин билдиришга оид ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, албатта, бош вазифадир. Унда қайси соҳада фаолият юритишидан қатъи назар ҳар бир сайловчи фаол иштирок этиши лозим. Бугун сайловчилар номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб, танлов имкониятлари кенгайганини эътироф этаётгани бор гап. Жараённинг “Янги Ўзбекистон-янги сайловлар” шиори остида ўтказилишида чуқур маъно бор. Натижа ва якунлар Ватанимиз тақдири учун долзарб аҳамиятга эга.

Хўш, бу борада O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодлар сайловчилар қаршисига қандай эзгу ташаббуслари. Илғор ғоялари билан чиқмоқдалар?

Насибахон НАРАЛИЕВА, АДУ кафедра мудири, 18-Избоскан сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзод:

- Махсус сиртқи таълим, яъни 3 йиллик олий таълимни жорий этиш орқали узлуксиз таълим тизимини, қолаверса, туман лицей ва мактабларини олий маълумотли мутахассислар ва малакали кадрлар билан қамраб олиш зарур. Масалан, Избоскан тумани ўрамидаги 7 та касб-ҳунар коллежларини сўнгги беш йилликда жами 11 минг 454 нафар битирувчи тамомлаган бўлса, уларнинг фақат 382 нафаригина олий ўқув юртларига кирган. Бу дегани битирувчиларнинг 4,5 фоизи олий таълим билан қамраб олинган дегани. Бу борада, албатта, мақсадли тизим зарурати туғилади. Олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини туман мактабларига бириктиришни йўлга қўйиш, олийгоҳларнинг тўлов контрактлари миқдорини қайта кўриб чиқиш, тўлов контрактларини камайтириш орқали мазкур муаммо ечимига қадамба-қадам етиб борилади.

Кеча эътиборга тушмаган муаммолар бугун ечимини кутиб ётмаяпти. Фуқароларда ишонч бор. Айнан чекка қишлоқлардаги муаммоларга аҳамият бераётганимиз бежиз эмас. Ўша жойларда истиқомат қилаётган иқтидорли ва ижтимоий муҳофазага муҳтож, ногиронлиги бўлган ёшларни олий таълим муассасаларига ўзи танлаган мутахассисликлари бўйича имтиёзли тайёрлов курслари ўқитишни ташкил этиш, ҳудудда касбга тайёрлашга бўлган эҳтиёжнинг юқорилигини инобатга олиб, ишга жойлашишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, бу йўналишда қайта тайёрлов ва малака ошириш тизимини йўлга қўйиш керак. Барчага маълум, туманлардаги мактаблар белгиланган коэффициентдан юқори даражада фаолият олиб боради. Бунда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида синф ўқувчилари сонини 20 нафардан оширмаслик, ўқув жараёнини фақат бир сменада олиб бориш билан ижобий натижага эришиш мумкин.

Шунингдек, ҳудудда агротуризм, қишлоқ туризми ва экотуризмни ривожлантириш орқали миллий ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Туристик имкониятларни ишга тушириш билан салоҳиятли тадбиркорларни ва давлат грантларини шу соҳага жалб қилишга эришилса, туманнинг ички ва асосий йўллари ўз-ўзидан мукаммал таъмирланади.

Элёрбек НИЯЗОВ, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Андижон шаҳридаги 21-Истиқлол сайлов-округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод:

-“Ёшлар ўртасида ишсизликка ўрин йўқ” деган ғояни илгари сураётганимиз бежиз эмас. Бандлик, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, меҳнат бозорида ишсизлик даражасини қисқартириш – ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим шартларидан. Оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқачилик, хусусий тадбиркорликни тараққий топтириш орқали мазкур масалаларни бартараф қилишга эришилади. Бу йўналишларда аниқ ечимларга эгамиз. Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш билан долзарб вазифалар ижросини таъминлашга эришаётганимиз кейинги қадамлар учун бир туртки бўлмоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни миллий иқтисодиётнинг устувор соҳаларига жалб қилиш зарур. Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг энг муҳим йўналишлари бўйича Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини илгари суришда илғор механизмлардан фойдаланиш кутилган натижани бериши шубҳасиз. Жумладан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, жаҳоннинг йирик бозорларига чиқиш имкониятини берадиган транспорт-коммуникация йўлакларининг кўп вариантли тизимларини шакллантириш учун истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш вақти келди.

Юртимизда хўжалик юртиувчи субъектларнинг хорижда савдо ваколатхоналари очилишига, уларнинг рули халқаро тадбирлар ва кўргазмаларда иштирок этишига, чет элларда мамлакатимиз фуқаролари ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишига доир қонунчиликни мустаҳкамлаш зарурати туғиляпти.

Партиянинг сайловолди дастурида Ўзбекистонни бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учугн жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш масаласи илгари суриляпти. Бунда, албатта, бир куч бўлиб ҳаракат қилмоғимиз шарт. Бирдамлик синовларни енгувчи мезондир. Ватан келажагига даҳлдорлик ҳисси билан яшаш ўз-ўзидан виждонан фаолият олиб боришни талаб қилади. Бугун бизга муаммоларини ишонаётган аҳоли вакиллари эртага ноумид бўлиб қолмасликлари зарур.

Зулхумор АВАЗОВА, Қўрғонтепа туманидаги 18-умумтаълим мактаби директори, 17-Қўрғонтепа сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод:

-Биз биринчи навбатда таълим-тарбия соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш тарафдоримиз. Бунда ўз олдимизга Таълим тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш вазифасини қўйганмиз. Бу меъёрий ҳужжатда таълим муассасаларини молиялаштириш, фаолиятини баҳолаш методологияларини жорий этиш ҳамда олий таълимда молиявий мустақилликни белгилаб берувчи қоидаларни баён этиш, мамлакатимиз халқ таълими тизимига ривожланган давлатлар тажрибаларини тарғиб қилиш, ҳудудларда таълим самарадорлиги мониторингини юритиш, ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш масалаларига янгича инновацион усуллар билан ёндашилиши кўзда тутилган.

Ҳар бир туманда камида тўрттадан хусусий мактаблар барпо қилинишига эришишимиз зарур. Бунинг учун, албатта, соҳада давлат-хусусий шерикчилиги ва хусусий хизматларни жадал ривожлантириш ҳисобидан болалар учун спорт, мусиқа ва санъат мактабларининг қурилишини қўллаб-қувватлаймиз. Йўналишда чекка жойларда ҳам хусусий секторнинг улкан имкониятларини ишга солишда аниқ таклифларимиз билан майдонга чиқяпмиз.

Сайловолди дастурни шакллантиришда, бундан ташқари, хотин-қизлар тадбиркорлиги борасидаги бандларга ҳам алоҳида ғоялар билан ёндашганмиз. Мамлакат равнақи, халқ фаровонлиги ва инновацион лойиҳалар амалга оширилишига салмоқли ҳисса қўшаётган фаол, ишбилармон ва фермер хотин-қизларни рағбатлантиришга, фаолияти ва илғор иш тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширамиз. Ижтимоий бизнесни тараққий топтириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлашда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, энагалар, ҳайдовчилар, уй ишчилари меҳнатига оида қонунчиликни ривожлантириш, ушбу хизматлар бўйича фирмалар ташкил этиш, мазкур хизматдан фойдаланганлар учун мол-мулк солиғидан чегирмалар ажратиш бўйича тизимли режаларимиз бор.

Ҳар қандай жамиятнинг маданияти даражаси унинг кексалар ва хотин-қизларга бўлган муносабати билан белгиланади. Уларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, муносиб иш шароитлари яратиш, салоҳиятлари, қобилиятларини рўёбга чиқариш, ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш тарафдоримиз. Уй бекалари учун тиббий, психологик, ҳуқуқий махсус ўқув курслари ташкил этиш баробарида ушбу йўналишларда саводхонлигини юксалтиришга ҳисса қўшмоқчимиз. Негаки аёл миллат тарбиячиси, келажак авлодни дунёга келтиради, жамиятга қўшади.

Умидахон ЗОКИРОВА, Андижон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби директори, 9-Андижон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзод:

-Жорий йилдаги муҳим сиёсий тадбирга “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори билан кириб келганимизнинг ўзида жуда чуқур маъно бор. Юксак инсон капитали мана шу шиорнинг марказида. Айни капитални шакллантиришда мактаб, ўрта-махсус ва олий таълим тизимида рақобат муҳитини янада ривожлантириш, давлат хусусий шерикчилик ва хусусий сектор ресурсларидан кенг фойдаланиш, “фуқароларни бутун умри давомида ўқитиш” моделини ҳаётга татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга.Албатта, таълим-тарбия соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, “Таълим тўғрисида”ги кодексни ишлаб чиқиш орқали таълим муассасаларини молиялаштириш, фаолиятини баҳолаш методологияларини жорий этиш, олий таълимда молиявий мустақилликни белгилаб берувчи қоидаларни жорий қилиш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш масалаларидаги мавжуд камчилик ва муаммолар ечимига эришилади.

Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш зарур. Бу билан амалиётга илмий ва инновацион ютуқларнинг жорий этилишига эришамиз. Давлат хусусий шерикчилиги, бизнес жамолар ҳамда тадқиқот ва академик марказлар, муассасалар шерикчилиги бизга қандай имконият беради? Аслида жамиятнинг тараққиётга эришишида инновацияларнинг ўрни катта. Айтайлик, замонавий ривожланишдан оқсаётган бирор соҳанинг оғриқли нуқтасига ким малҳам қўяди? Албатта, салоҳиятли, дунёқараши кенг, ташаббускор мутахассис. Юксак билимли кадргина соҳада янгилик, ўсиш қила олади. Бундай маррага етишда айни марказлар ҳамкорлиги жуда муҳим.

“Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият гуллаб-яшнайди” тамойилини амалга ошириш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди, деб ҳисоблайман. Таълим-тарбиядаги ютуқ ва хатолар бевосита ва билвосита вояга етаётган муҳитига боғлиқ.Оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш лозим. Бунда аҳолини, аввало, ёш оилаларни арзон ва замонавий уй-жой билан таъминлаш, яшаш манзили атрофида иш ва таълим масканларини бунёд қилиш, коммунал-маиший хизматлар, тоза ичимлик суви, электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, бу борада ишончли тежамкор технологиялардан фойдаланиш имкониятини янада ошириш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш жоиз. Оилада муаммо қанчалик бартараф қилинса, камолот шунчалик ютуқлар билан уйғун бўлади.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА, Қўрғонтепа туманидаги “Мурувват уйи” директори, 5-“Шифокор” сайлов округидан Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзод:

-Мамлакатимизда хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигига эришиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Аёл миллат давомчиси, тарбиячи ва яхшиликка етакловчи зот. Мана шу тамойилни чекка ҳудудларга ҳам олиб киришимиз керак. Олис манзилларга қанча илдам борсак, йиллаб ечимини кутиб ётган масалалар, тиббиётдаги камчиликлар ҳал этилади. Оналар ўлими кўрсаткичини учдан бир қисмга, чақалоқлар ва беш ёшгача болалар ўлимини икки баравар, аҳоли ўртасида юрак қон-томир, онкологик касалликлар, қандли диабет ва сурункали респиратор касалликлардан ўлим ҳолатларини 30 фоизга камайтирилишига эришишимиз зарур. Бу билан хасталиклардан чекинамиз, миллат соғломлигини янада ривожлантирамиз.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришни суғурта соҳасини тарққий топтириш ва аҳоли соғлигини суғурталаш тизимини жорий этиш билан ҳамоҳанг олиб бориш мақсадга мувофиқдир.Албатта, мазкур йўналишда давлат-ҳусусий шериклик тамойилини ҳаётга изчил тадбиқ этиш даркор.Хусусий тиббиётни ривожлантириш орқали аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишда соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда тиббиёт туризмини юқори халқаро мезон ва стандартларга мослигини таъминлашга эришсак, соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда мушкуллик сезмаймиз.

Касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш ва аҳолининг узоқ умр кўришини таъминлашга йўналтирилган «Ақлли тиббиёт» концепциясини жорий этиш билан олдимизга қўйган мақсадларимиизга етишамиз.

Бахтиёржон ТУРДИЕВ, COSCOM МЧЖ Андижон Usell ҳудудий филиали раҳбари, Андижон шаҳридаги 2-темирйўлчилар сайлов округидан халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзод:

-Бандликни таъминлаш биринчи галдаги вазифа экан, аввало, муносиб иш ўринлари ва шароитлари яратишга эътибор қаратишимиз зарур. Бунинг учун ўз навбатида кичик саноат зоналарини кўпайтириш керак. Яратиб берилмаган имконият ишсизларни юзага чиқаради. Қулай имтиёзлар эса бу муаммони ҳал этишга замин бўлади.

Биз Ўзбекистоннинг халқаро ишчи кучи бозорига босқичма-босқич кириб боришни тизимли амалга оширишимиз керак. Бу билан меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солишга, ўз уйи, оиласи, яқинлари бағридан олисда даромад топиш мақсадида ишлаётган юртдошларимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришамиз.

Жамиятдаги муаммоларга ечим топиш мақсадида “Ижтимоий тадбиркорлик” концепциясини қабул қилиш ва амалга ошириш билан усто-шогирд, оилавий касаначиликни ривожлантиришга йўл очишни аниқ таклифлар билан илгари сураётган номзодга баландпарвоз гаплар бегона. Оддий, равон фикрлар амалдаги ишлар билан исбот топаётир.

Усмонжон ШОКИРОВ, олий тоифалли шифокор-стоматолог, Олтинкўл туманидаги 11-Марказ сайлов округидан халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзод:

-Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асоси, аввало, ишсизлик даражасини қисқартириш билан баҳоланди. Биз бугун меҳнат бозорида инфратузилманинг мувозанатланганлигига ва тараққий топишига эришишимиз зарур. Фуқароларнинг бандлигини тўлиқ таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринлари яратиш - олдимиздаги долзарб вазифа. Бу борада аҳолининг ёрдамга муҳтож тоифаларини ҳам тўла қамраб олишимиз даркор. Оилавий тадбиркорлик, касаначилик, томорқачилик, хусусий тадбиркорликни йўлга қўйишларида кўмак беришда хонадонма хонадон тамойилини янада кенгроқ тарғиб қилиш билан назарияни амалиёт билан боғлаб борамиз. Реал иш ҳақининг барқарор ўсишига кўмаклашувчи солиқ сиёсатини амалга ошириш масаласига ҳам алоҳида ёндашамиз.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш асосий мақсадимиз экан, биринчи навбатда тизимда юқори самарадорликка эришишимиз лозим. Бунинг учун соҳада соғлом рақобатни шакллантириш, касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича узоқ муддатли давлат стратегиясини ишлаб чиқиб, амалга ошириш жоиз.

Роҳатжон ТЎЙЧИЕВ, Избоскан туманидаги “Избоскан шоналари” фермер хўжалиги раҳбари, 54-Тўрткўл сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзод:

-Биз қишлоқларда кичик ишлаб чиқариш корхоналари тармоғи, қишлоқ хўжалиги кластерлари (агрокластерлар), кўп тармоқли фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, уларга чуқур ишлов бериш, транспортда ташиш ва экспорт қилиш бўйича кичик ишлаб чиқариш корхоналари (“қишлоқ хўжалик хаблари”) тармоғини ривожлантиришга оид қонунчиликни такомиллаштириш тарафдоримиз, - дейди номзод. – Бунинг учун “Кластурлар фаолитяи тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурганмиз. Мазкур амалий чора билан қишлоқда ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, замонавий агротехнологиялар, селекция ва уруғчилик усулларини жорий қилишга эришамиз. Қишлоққа саноатни жалб қилиш тамойилини амалга ошириш, ҳар бир ҳудуд имконияларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш орқали бандлик муаммоларига ечим топамиз. Мақсадимиз, соҳада янада кўпроқ маҳсулдорликка эришиш. Бунинг учун нима қилиш лозим? Албатта, бу борада, биринчи навбатда, ҳудудларда ернинг балл бонитети ҳисобга олинган ҳолда экин турларини жойлаштириш, ихтисослашувни ҳаётга кенг жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Раънохон САТТАРОВА, Андижон вилоят “Она ва бола скрининг” маркази директори, “9-Суджаат” сайлов округидан Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзод:

-Биз оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига, энг аввало, унинг иқтисодий асосларини яхшилаш – оилавийбизнес ва касаначиликни ривожлантириш нуқтаи назаридан ёндашамиз. Хотин-қизлар тадбиркорлигини тараққий топтиришни қўллаб-қуватлаймиз. Мамлакат равнақи, халқ фаровонлиги ва инноваицон лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган ишбилармон, фермер аёл-қизларимизни рағбатлантиришимиз зарур. Бу билан уларга илғор иш тажрибаларини оммалаштиришга кўмаклашамиз. Натижададорлик эса сафдошларимиз сони ортишига хизмат қилади. Аҳолини, аввало, ёш оилаларни арзон ва замонавий уй-жойлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Асосийси, иш жойлари ва таълим муассасаларининг яқинлик масофасидир. Демак, маънавият ва моддият уйғунлиги билан ҳамоҳангликка мазкур йўналишда ҳам тез эриша оламиз.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд камчиликларни аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини жаҳон талаблари асосида шакллантириш билан баратаф этишни мақсад қилганмиз. Натижада касалланиш кўрсаткичлари ва турлари камаяди. Олдимизда турган долзарб вазифалардан яна бири шуки, ҳомиладорлик даври муаммоларини оила муҳитидан келиб чиқиб ҳал қилиш, бу вақт ичида хасталикларга чалинишни пасайтириш, кейинги паллада она ва бола саломатлигига дахлдорликни ошириш масалаларига ечим топишдир. Соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Миллат соғлиги бугун вояга етаётган қизларимизга бевосита боғлиқ. Шунинг учун чуқурлаштирилган тиббий кўрикларни таълим муассасаларидан бошлашимиз даркор.

***

“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтадиган ижтимоий-сиёсий жараён тобора яқинлашмоқда. Сайловда 1 миллион 919 минг 909 нафар сайловчи иштироки кутилаётир. O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган 14 нафар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлигига кўрсатилган 511 нафар номзодлар илгари сураётган ғоя, ташаббус, таклифлар юрт ободлиги, халқ фаровонлиги, турмуш шароитлари юксалиши, жамият муаммоларига ечим топишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бугун ўзини шу мамлакатнингэркин фуқаросиман деган ҳар бир инсоннинг дилида чўғ бор. Эртанги кун учун тамал тоши қўйиладиган паллага оз қолди. Сиёсий майдон мард номзодники. Уларни танлашда янглишмайлик.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати.