Андижон 24

O’ZLIDEP АНДИЖОН ВИЛОЯТ КЕНГАШИНИНГ ИНСОНПАРВАРЛИК КАРВОНИ СИРДАРЁГА ЙЎЛ ОЛДИ


07.05.2020   918

Сирдарёда бўлган офатдан жабрланган аҳолига кўмак бериш мақсадида ҳар куни ўнлаб карвонлар йўлга чиқмоқда. Бугун бутун мамлакатимиз халқининг эътибори “Сардоба” туманидаги табиий офат асоратларини бартараф этишга, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга ёрдам кўрсатишга уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилди. Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, мазкур сув иншооти Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги 6 та туман экин майдонларини сув билан таъминлаш мақсадида барпо этилган. Бироқ фалокатнинг оёқ остидалиги аён бўлди. Сув тошқинидан жабр кўрган 60 мингдан ортиқ аҳоли тезлик билан хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ҳам саховатдан четда турмади. Мазкур офатдан жабрланган фуқаролар учун “Сирдарёни ёлғизлатмаймиз!” шиори остида инсонпарварлик ёрдами юборди. Ушбу карвондан ҳудуддаги фавқулодда ҳолатни бартараф этишда кўмаклашиш ҳамда синовли кунларда аҳолининг оғирини енгил қилиш мақсадида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари жой олди. Бу хайрли ишга партия вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари баҳоли қудрат ҳисса қўшдилар.

“Биз машаққатли шароитдаги юртдошларимизни ҳамиша қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат ёрдам кўрсатишга тайёрмиз. Улар ёлғиз эмас!”, дейди андижонлик ЛиДеПчилар.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати.