Ижод гулшани

Отамдан ёдгор танбур


09.05.2017   389

Мамадимин Маҳмудов (1939-2000) Андижон туманидаги Миробод қишлоғида таваллуд топган.1960-1966 йилларда Тошкент ирригация ва инженерлар институтида таҳсил олган. 1966-1975 йилларда Андижон қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчи, илмий ходим, 1976-1991 йилларда ширкат хўжалигида инженер, 1992-1999 йилларда мактабда муаллим сифатида фаолият олиб борган. Бўш пайтларида бадиий ижод билан шуғулланган. Шеърлари туман, вилоят газеталарида чоп этилган.

Қуйида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган отаси ҳақида ёзган ва шахсий архивидан олинган шеърини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Отамдан ёдгор танбур

Ҳар кун отам танбурни чалар эди,

Қулоғимда жарангги қолар эди.

Ўшал кунларни ҳозир эсласам,

Юрагимни аста-секин қучар ғам.

Юртимизга тарқалганда шум хабар,

Ёвга қарши ҳамма бўлди сафарбар.

Озодлик душмани бошлабди уруш,

Мақсад бўлди юртни ҳимоя қилиш.

Отамизни чорладилар урушга,

Йиғлаганча онам қолди ташвишга.

Отамнинг кетиш куни бўлди тайин,

Йиғилишди қон-қариндош қолмайин.

Далда бериб, бир-бирин йиғлатишди,

Одат экан: бир кулчани тишлатишди.

Отам мени қўлтиғимдан кўтарди.

Тўйиб-тўйиб пешонамдан ўпарди…

Мен баландда, қуйида отам боши,

Оқар эди кўзидан дув-дув ёши.

Ва ниҳоят хайрлашди мен билан:

“Кутгин ўғлим, мен албатта келаман!”

Бўзлаганча рангим сарғайиб қолди,

Уйимизда танбур мунғайиб қолди.

Қолди танбур шифт тоқида илиниб,

Секин-аста торлари ҳам узилиб.

Гоҳ-гоҳида келар эди хабар, хат,

Жангчи отам юрибдийкан саломат.

Хатда ёзмиш:”мен разведкачиман,

Гитлер ўлгач, уйимизга бораман.

Боргунимча бўлинглар соғу омон,

Уруш тугаб, келади яхши замон”.

Хатларни эшитгач, толаман ўйга:

“Нега отам тезроқ келмайди уйга?”

Бувим деди: “Сен чақирсанг мўридан,

Отанг келиб, жой олади тўридан.”

Мўримиздан ҳар кун тинмай чақирдим,

“Ота, тезроқ келинг!” дея бақирдим.

Аммо бир келди машъум “қорахат”,

Бошимизга тушган экан мусибат.

Ватан учун отам ҳалок бўлибди,

Сафдошлари шараф билан кўмибди.

Амаким ва бувим уввос йиғлашди,

Лаънат айтиб, душманларни қарғашди.

Кўзларимдан думалади шўр ёшим,

Менга ота бўла олмас энди ҳеч ким.

Ҳамон танбур осиғлиғдир уйимда,

Доим сайрар қўлга олган чоғимда.

Қайта-қайта термуламан ҳар нафас,

Танбур менга отам каби муқаддас.

Ҳар пардаси юз оҳангда сўзлайди,

Авлодларнинг камолини кўзлайди:

Куррамиздан уруш номи ўчсин-ей,

Ҳар бир бола етим бўлмай ўссин-ей…

Мамадимин Маҳмудов