ЖАМИЯТ

ОТА БОЛА БАХШИЛАР


02.04.2019   2121

Халқаро Бахшичилик санъати фестивалига 70 дан зиёд давлатлардан меҳмонлар ташриф буюриши кутилаётган шу кунларда юртимизнинг барча вилоятларидан келган санъаткор, ҳунармандлар Термиз шаҳрида жам бўлмоқдалар. Улар халқаро анжуманни кўтаринки кайфиятда ўтишига ўзларининг улушларини қўшиш билан биргаликда миллий қадриятларимизнинг бир бўлаги бўлган анъаналаримизни бардавом бўлишига ҳисса қўшадилар ва ўзаро фикр алмшиш имкониятига эга бўладилар.

Хоразмда ҳам бахшичилик анъаналариузоқ ўтмишга бориб тақалади. Айни дамда бу йўналишни давом эттириб келаётган авлодлар сафи ҳам талайгина. Шулардан бири - Ўзбекистон халқ бахшиси Қаландарбахши Норматов.

- Ўғлим ҳам бахшичилик санъати билан шуғулланади, - дейди у биз билан суҳбатда. - Айни дамда республика “Лазги” халқ ансамбли хонандаси.

Ферузбек она томондан андижонлик. Асли Асакадан бўлган Муяссархон опа Маҳмудова Қаландар ака билан турмуш қурганларига 46 йил бўляпти. Иккиси қўша қариб, 5 фарзандни тарбиялаб вояга етказишди. Ўғиллардан бири тадбиркор. Қизлар ўқитувчилик касбида меҳнат қилишмоқда. Ферузбек 2002 йилда “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори бўлган.

- Отам изидан бориб кам бўлмадим, - суҳбатимизга қўшилди Ферузбек. – Бахшичилик йўлида қўшиқ айтган инсон учун бошқа йўналишларда давом эттириш унчалик қийин эмас. Ўз мухлисларимга эгаман. Ҳамиша эл хизматида бўлиб, уларнинг қувончларига қувонч қўшиш бахтига муяссар эканлигимдан хурсандман.

Санъат инсонга эзгулик бахш этади. Кўзлаган мақсади сари интилган инсон унга эришиши шубҳасиз. Устозода мақомига эришган Ферузбек ҳам санъатга ошно бўлиб, аждодлар анъанасини давом эттирмоқда. Келгусида етук шогирдларни тайёрлаш йўлида меҳнат қилмоқда.

- Президентимизнинг ташаббуси билан ушбу анжуманнинг ўтказилиши мени руҳлантирди, - дейди халқ бахшиси. – Бугун санъатга бўлаётган эътибор мана шундай халқаро фестивалларда ўз аксини топмоқда. Бу, мен сингари бахшиларнинг бир жойда фикр алмашиб, келажак авлод учун янада кўп асарларни қолдириш, дунё ҳамжамиятига номоддий меросимизни таништириш имкониятини бермоқда.

Шовот туманидаги “Авазхон” халқ ансамбли раҳбари бўлган Қаландарбахши сувора, халқ қўшиқлари, терма, достончилик йўналишларида ҳам ижод қилади. Ота-бола фестивалда ўз ижодлари билан меҳмонларга кўтаринки кайфият бахш этиб, бахшичилик санъатининг очилмаган қирраларини намойиш этиш тараддудидалар.

Суратда: Ферузбек отаси Қаландарбахши Норматов билан.

Муроджон Тўхтаназаров.

Термиздан «auz.uz» учун махсус тайёрланди.