«102» хабарлари

Осойишталигимиз посбонлари қасамёд қабул қилдилар


12.12.2017   383

Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори вилоятимизда изчил амалга оширилди. Шу кунгача 150 нафар профилактика инспекторлари уй-жой билан таъминланиб, уларга имтиёзли кредит асосида автомашиналар ажратилган эди.

Андижон шаҳридаги "Соғлом авлод" ўйингоҳида жамулжам бўлган вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимлиги, давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирокидаги навбатдаги тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ички ишлар идораларининг ҳудудларда фаолият юритаётган 400 нафар профилактика инспекторлари қасамёд қабул қилдилар.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Отабек Муродов, Бош вазир ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Олий суд раиси Козимжон Комилов, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва бошқалар иштирок этдилар.

Осойишталигимиз пос-бонларига янги автомашиналар калитлари топширилди.

– Ҳукуматимиз томонидан ички ишлар идоралари ходимларига яратилаётган шароитлар бизни нафақат қувонтирмоқда, шу билан бирга зиммамиздаги вазифани бундан-да фидойилик билан адо этишга ундаяпти, – дейди Андижон шаҳридаги М. Аҳмедов номли маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият кўрсатувчи профилактика инспектори Искандар Ғаниев. – Эътиборга жавобан маҳалламизда бирорта ҳам жиноят содир этилмаслиги учун кечаю кундуз самарали хизмат қилмоқдамиз. Бу борада маҳалла фаоллари, посбонлар ва жамоатчилик аъзолари билан ҳамкорлигимиз ижобий натижа беряпти. Ўз хизмат ҳудудимда янги турар жой биносининг ажратилиши ва имтиёзли кредит асосида берилган "Матиз" автомашинаси барча ҳамкасбларим қатори мени ҳам ғоят руҳлантирди.

С. ҲУСАНОВ.

Суратда: қасамёд қабул қилиш пайти .

Зуҳриддин УмурзоҚов олган сурат.