ЖАМИЯТ

Онлайн дарслар: «УСТОЗ, ДАФТАРИМ УЙДА ҚОЛИБДИ!» ДЕГАН БАҲОНА ЎТМАЙДИ


03.04.2020   2230

Телевидение орқали йўлга қўйилган онлайн дарс машғулотларига наинки ўқувчилар,аксар ота-оналар ҳам кўникиб улгурди. Аслида, масофавий таълимнинг афзал жиҳатлари кўп. Аввало, вақтни тежайди. Ўқувчи мавзунинг бирор тушунмаган жиҳатини қайта сўраш имконияти йўқлиги сабаб телевизор қаршисида зийрак ва ҳушёрроқ ўтиришга ўрганади.

Андижон туманидаги 36-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ўқитувчилари айни кунларда ўқувчилар билан доимий виртуал мулоқотда: устозлар томонидан телеграмда очилган гуруҳларга қарийб барча йигит-қизлар бириктирилган. ТВ орқали бериб борилаётган онлайн сабоқлар ҳамда кундалик вазифаларнинг ижроси мазкур гуруҳларда назорат қилиб борилмоқда. Муҳими, айрим дангаса ўқувчиларнинг синфда айтадиган “Вазифани бажариш ёдимдан кўтарилибди” ёки “Дафтарим уйда қолиб кетибди” каби баҳоналари ўтмайди.

Гуруҳларга ота-оналар ҳам жалб этилган – фарзандининг уй шароитида қай даражада билим олаётгани ҳамда ўқитувчилари қандай баҳо бераётганини кузатиб боришяпти.

- Мен раҳбарлик қилаётган 10-синф ўқувчилари мактабни тамомлагандан сўнг олий таълимни қайси йўналишда давом эттиришларини аллақачон ҳал этиб бўлишган, - дейди математика фани ўқитувчиси Марғубахон Ниёзова. – Шу сабаб ҳар куни дарс машғулотларидан сўнг телеграм гуруҳига фанлар бўйича тест саволларини жойлаб боряпмиз. Ҳар ким ўз йўналишига тааллуқли тестларни ечиб, билимини мустаҳкамлаяпти. Биз эса натижаларини кунма-кун текшириб, хато-камчиликларини кўрсатиб беряпмиз.

Шунингдек, муаллимлардан руҳланиб кундалик асосий дарслардан сўнг кимдир бадиий китоб ўқияпти, бошқаси мусаввирлик қилмоқда. Барча ўқувчилар куну тун уйларида бўлса-да, вақт беҳуда ўтмаяпти.

Нурилло НЎЪМОНОВ.