Бугуннинг гапи

ОНАМ АЛЛАСИДАЙ СУЮКСАН ТИЛИМ


17.10.2020   1146

Ватан остонадан бошланади дейдилар, тўғри, Ватан остонадан бошланади. Аммо менинг наздимда Ватан она алласидан бошланади. Мурғак гўдак бокира кўзчалари билан бу дунё сеҳрига ҳайрон боқар экан, илк бора алла деб аталмиш сеҳрли қўшиқни она тили орқали ўз вужудига сингдиради. Тириклик дунёсида яшаётган ҳар бир инсон борки, илк бора инггалаб йиғлаган чоғида, айтадиган бир сўзи она бўлади. Ўша сўз менинг жоним озиғи бўлган тилимда жаранг сочади. Бежизга Ватан ва тилни онага қиёс қилишмаган. Она Ватан ва она тилим. Булар мен учун эгиздай гўё. Булар менинг борлиғим, руҳим ғизо оладиган вужудим, жон томирим азиз замондош!

Қадрли замондошим! Бугун Сизла дунё харитасида ўзбекнинг борлигини билдирадиган ХУДОНИНГ неъмати, она тилим ҳақида диллашмоқ истадим. Бугун Алишер Навоийнинг навобахш битиклари, Абдулла Қодирийнинг ҳаётий ҳақиқатлари, Муҳаммад Юсуфнинг ВАТАН ҳақидаги гўзал ашъорлари, Усмон Носирнинг нидолари, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” деган ҳайқириқлари, “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни” дея юртга фарзандлик меҳрини изҳор қилган ва буни олий бахт деб билган Абдулла Ориповнинг дур мисралари, Ойбекнинг виқорла ўшшайган қоя лабида нафис чайқалган наъматакнинг тебранишлари, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг садоқат достонлари, Саид Аҳмад ва Саидахонимнинг вафодан сўзлаган битиклари шу тилда куйланадиган энг гўзал айём. Шу ўринда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини келтиришни жоиз деб биламан: “…1989 йил 21 октябрь! Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган Қонун –“Ўзбек тилига Давлат тили мақоми бериш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Бу муҳим ҳужжатнинг қабул қилинишида фидоий ва ватанпарвар зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг қатъий шижоати ҳамда Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий иродаси катта ўрин тутди”. Ҳа, бу Қонуннинг қабул қилиниши миллатнинг мустақиллик сари қўйган залворли қадами эди. Бугун бу сўзлар қанчалик ҳақиқат эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Айниқса, Юртбошимиз томонидан ҳар йили 21 октябрни Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилиниши кўнгилларни яшнатиб юборди. Албатта, бу куннинг байрам қилиниши, ўзбек тилига эътибор ва унинг ривожи учун қилиниши зарур бўлган хайрли ишларнинг бошланганига сабаб бўлса ажаб эмас. Шу ўринда ҳаяжонимни бир сўзда ифода этмоқ истаяпман. Қадринг баланд бўлсин, эй она тилим дегим келаяпти. Жаннатмонанд ўлканинг ҳар бурчида ўзининг бахтиёрлигидан шодланиб яшаётган юракларни барчаларини миллий шаън ва ғурур байрами билан қутлаган ҳолда, Сизга илинган ва Сизга соғинган гўзал изҳорларимни шеърим билан йўллагим келаяпти…

Туғилдим,
Қулоғимга азон айтилди.
Жонимга кирди У,
Иймон мисоли.
Ҳали,
Дунё нелигини англамасимдан,
Cездим…
Она тилим,
Миллат тимсоли!

Бешигимда,
Орзуга тўла,
Онам айтган ширин ашула,
Сен тожимсан, бошимда шуъла,
Она тилим,
Миллат тимсоли!

Бебаҳосан,
Қийматинг улкан,
Миллат кема,
Сен эса елкан,
Неъматимсан,
Сен Худо берган,
Она тилим,
Миллат тимсоли!

Сен ўзлигим ўзаги, дурсан,
Етти олам тожи, ҳузурсан,
Фахримдирсан, дилда ғурурсан,
Она тилим,
Миллат тимсоли!

Сен, онамнинг кўҳна кечмиши,
Самарқанднинг қора кишмиши,
Миллатнинг, МИЛЛАТДЕК ўсиши,
Она тилим,
Миллат тимсоли!

Сен бор-ки, Навоий султондир,
Фитрат-ФИТРАТ, Чўлпон-ЧЎЛПОНдир,
Сен бор, бугун бошим осмондир,
Она тилим,Миллат тимсоли!

Жойнамозда ёғилган, НУРсан,
Муҳаммадлар туйган ҒУРУРсан,
Беклигимга безак, машҲУРсан,
Она тилим,
Давлат тимсоли!

Мирзоҳид БОТИРОВ
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази директори вазифасини бажарувчи.