Андижон 24

ОМАДИ ЁР – БАҲТИЁР


26.06.2019   1205

- Ассалому алайкум! Азиз мухлис, тинглаётганингиз водийда ягона 100.2 тўлқини “Дийдор” самимий радиоси. Микрофон қаршисида сиз билан бирга севимли бошловчингиз...

Бу каби сўзларни сиз билан биз ҳар куни автоуловларда кетаётганимизда ёки уйда радио орқали эшитишга одатланганмиз. Ҳар бир дастурни интиқлик билан кутамиз. Айниқса бошловчилар томонидан танланган мухлислар қалбидан муносиб ўрин олган ажойиб куй-қўшиқларнинг янграши барчамизга ўзгача завқ бағишлаши аниқ. Шу туфайли ҳам тўлқинларни беиҳтиёр “Дийдор” радиоси томон йўналтирамиз. Эрта тонгдан то ярим тунга қадар бошловчиларнинг ранг баранг эшиттиришларини тинглаб тўймаймиз.

Талқин этилаётган ҳар бир лойиҳа ижодий гуруҳ томонидан синчковлик билан ўрганилади ва ана шундан кейингина дунё юзини кўради. Ўзининг минглаб тингловчиларига эга бўлади. Ҳар бир дастурнинг қандай чиқиши, албатта, бошловчиларнинг истеъдоди ва уларнинг билим-маҳоратига боғлиқ.

Бугунги кунда “Дийдор” радиоси орқали “Камолот” сайёраси”, “СМС лойиҳа”, “Сеҳрли оқшом”, “Шоу бизнес янгиликлари” ва “СМС имло” каби эшиттиришлар минглаб тингловчиларига эга лойиҳалардан ҳисобланади. Унинг муаллифи, журналист Бахтиёр Мўминов эса халқимизнинг севимли бошловчиларидан бири. У бир неча кўрик-танловларда иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой эгаллаган. 2016 йилда у “Йилнинг энг ёш фаол журналисти” танловининг радио йўналиши бўйича ғолиб деб топилган. Байрам арафасида биз уни суҳбатга тортдик.

- Болалигимдан радиода ишлашни орзу қилардим, - дейди Бахтиёр Мўминов. -Шу сабабданми мактаб, коллеж ва маҳалламизда ташкил этилган тадбирларни олиб боришни кўпроқ менга ишониб топширишарди. Бунинг натижасида қизиқишим янада оша бошлади. Ана шу вақтларда вилоятимизда янги “Дийдор” радиоси ташкил этилганлигини ҳамда унга бошловчилик учун кастинг ўтказилаётганлигини эшитиб, шу даргоҳга келганман. Мана шунга ҳам ўн беш йилга яқин вақт бўляпти. Шу кунгача мухлисларимизга элликдан ортиқ лойиҳаларни тақдим этишга мушарраф бўлдим.

Ўтган йилдан буён унинг раҳбарлиги остида вилоят “Ёшлар маркази” қошида Журналистика ва нотиқлик санъати тўгараги фаолият юритиб келмоқда. Бу ерда тингловчилар матбуот, телевидение, радио ва интернет ҳақидаги бошланғич билимларга эга бўлаяпти. Қувонарлиси, тўгарак аъзоларининг аксарияти вилоятимиздаги телерадиостанцияларида амалиёт ўтаб, кейинчалик шартнома асосида фаолиятини бошлаганлар ҳам бор. Улардан вилоят телерадиокомпаниясида Абдуваҳоб Ҳамидов ва Ирода Мирзакаримова, “Дийдор” радиосида Иброхим Обидов хамда Аброрбек Абдуллаевлар қисқа муддат ичида ўз мухлисларини топди.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзимни ва “Дийдор” радиоси жамоаси номидан барча ҳамкасбларимизни 27 июнь –Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклашни истардим. Уларга сиҳат-саломатлик, ишларига омад ва зафарларни тилаб қолардим.

Байрам муборак азиз ҳамкасблар!