ЖАМИЯТ

ОЛТИНКЎЛ ТУМАНИДА ТАДБИРКОРЛАР ДАВЛАТ СУБСИДИЯСИГА ЭГА БЎЛАДИЛАР


29.05.2019   1855

Бугун тадбиркор бўламан, деган инсон учун барча шароитлар яратилмоқда. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо йўналишлари бўйича етарли имкониятлар бор. Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари тўғрисида”ги қарорларининг ҳаётга жорий этилиши давлат-хусусий шерикчилик, оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш имкониятини бермоқда.

Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Олтинкўл туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июлдаги 595-сонли қарорига асосан жорий йилда 20 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш режалаштирилган. Фаолият бошлаган 4 та оилавий нодавлат таълим муассасаларида 100 нафар тарбияланувчи таълим-тарбия олиб келмоқда. Уларга давлат бюджетидан 20 миллион 12 минг сўм маблағ ажратилиб, 11 миллион 440 минг сўм озиқ-овқат учун, 8 миллион 572 минг сўм ходимларнинг иш ҳақига сарфланди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 378-сонли қарорига асосан туманимизда амалдаги йилда 12 та давлат хусусий шерикчилик мактабгача таълим муассасаси фаолиятини бошлади. Уларда 742 нафар бола тарбияланмоқда.

Ушбу муассасаларга шу кунга қадар ажратилган 177 миллион 500 минг сўм миқдоридаги субсидиялар тарбиячи ва ёрдамчи хизматларига тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9-соатлик давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган меҳнатга тўланадиган ҳаққа тенг шартларда ва ҳажмларда иш ҳақи тўлаш; давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган нормативлар бўйича овқатланиш, юмшоқ жиҳоз, анжомлар ва дори-дармонларга ажратилаётган миқдорларда харажатларни қоплаш мақсадида берилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 7 ноябрдаги № ДС/12-07-34/4594 сонли ҳамда Мактабгача таълим вазирлигининг № 03-04/1-1632 сонли келишув хатлари асосида 1 нафар тарбияланувчига 110 минг 579 сўм субсидия ажратилиши белгилаб кўйилган. Шунга кўра, туманимизда ўз фаолиятини бошлаган давлат-хусусий шерикчилик мактабгача таълим муассасаларига субсидиялар белгиланган тартибда ажратиш режалаштирилмоқда.

Ҳар бир фуқаро тегишли тартибда ҳужжатларни тайёрлаб, ўз хонадонида ёки нотурар жойда мактабгача таълим муасссасасини ташкил этиш имкониятига эга. Уларга туман молия бўлими томонидан давлат субсидиялари ажратилади.

А. ХАЛИЛОВ

Олтинкўл тумани молия бўлими мудири.