ЖАМИЯТ

Олтиариқдан мактуб: ГАРЧИ МУҲАММАД ЮСУФ БИЛАН КЎРИШИШ НАСИБ ЭТМАГАН БЎЛСАДА, УНГА БЎЛГАН ҲУРМАТИМ ЧЕКСИЗ


09.04.2020   2031


Мана уч йилдирки, олтиариқлик фахрий ижодкорлар ва маънавият тарғибот маркази туман бўлими қошида фаолият олиб бораётган “Умидли қалам” ёш ижодкорлар тўгараги аъзолари Андижон вилоятининг диққатга сазовор жойларига экскурсияга чиқадилар

Илк бор Андижон санъат музейига, кейин эса Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг музейига саёҳат уюштирилган эди. Музейда, айниқса, қадимий қўлёзмалар ва Бобурийлар сулоси ҳақидаги маълумотлар катта таассурот қолдирди. Бундан ташқари Боғишамол истироҳат боғи ва бошқа диққатга сазовор жойлар билан танишиб қайтдик. Андижон ҳалқининг илиқ кутиб олгани, одамларнинг юзида табассум билан сўзлашишлари бобурийзамин вакилларига бўлган муҳаббатимизни янада ошириб юборди.

Саёҳатимизнинг бирида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг туғилган қишлоғи - Қовунчига сафар уюштирдик. Шоир хонадонида бизни унинг акаси ва келин аяси кутиб олди. Хонадан билан танишиб, бир пиёладан чой ичиб, шоир ўқиган, айни дамда Муҳаммад Юсуф номидаги 25-умумий ўрта таълим мактабига кирдик ва синф-музей хонаси билан танишдик. Шу жойнинг ўзида шеърхонлик уюштирилди. Шоирнинг ёшлиги ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Ёш ижодкорлар Муҳаммад Юсуф ўқувчилик даврида ўтирган партада ўтириб, яхши ниятлар билан суратга тушдилар. Сафаримизни шоирнинг қабрини зиёрат қилиш билан якунладик.

Айтиш жоизки, Муҳаммад Юсуфга бўлган ҳурматимиз чексиз. Андижон аҳли ўз фарзанди билан ҳар қанча фахрланса арзийди, Муҳаммад ака нафақат андижонликларнинг, балки бутун Ўзбекистон халқининг, ўзбек миллатининг ғуруридир.

Сафардан қайтгач, шоирга бўлган ҳурматим рамзи сифаида марсия битдим. Ниятим 26-апрелда яна бир бор сафар уюштириб, шоирнинг туғилган кунида бўладиган тадбирда иштирок этиш, ўша ерда ўқиб бериш эди. Афсуски, ҳозирги вазият буни тақазо этмади. Шу сабабли ушбу шеъримни газета орқали Андижон аҳлига тақдим этишни лозим топдим. Муҳаммад Юсуф билан бирор маротаба юзма-юз кўришиш насиб этмаган бўлсада, унга бўлган ҳурматим чексиз.

Ҳаким Орифжон.

Фарғона вилояти,

Олтиариқ тумани,

Зилха қишлоғи.

Ижодкор ҳақида

Хаким Орифжон - 1955 йилда Олтиариқ туманидаги Зилха қишлоғида туғилган. 1979 йили Ички ишлар вазирлигига қарашли махсус билим юртини тамомлаган. Айни дамда нафақада. Ижод билан шуғулланиб келмоқда. “Шукур дейлик, онаси”, “Соғинчга айланган дийдор”, “Назм ниҳоллари” китоблари муаллифи. “Умидли қалам” ёш ижодкорлар тўгараги раҳбари.

ИЗХОР

Муҳаммад Юсуфнинг Қовунчи қишлоғидаги

қабрига ўрнатилган бюсти ёнида битилган сатрлар.

Ўтирибман, пойиннда мен, кўз ёш тўкиб,

Билганимча, руҳинг учун оят ўқиб.

Афсусдаман, изтиробдан қолдим чўкиб,

Учрашмадик, қучоқ очиб қучолмадим,

Муҳлисман, деб ўнг қўлингдан тутолмадим.

Хавас қилиб, тақлид қилдим сени сўзинг,

Шеъриятгаэшик очдинг, менга ўзинг.

Афсусдаман, кўрмадим деб, юзу-кўзинг,

Учрашмадик, қучоқ очиб қучолмадим

Муҳлисман, деб ўнг қўлингдан тутолмадим.

Ростин айтсам, шеъриятда султон эдинг,

Сўзларимиз водийсида ҳоқон эдинг.

Ўз даласин севган танти деҳқон эдинг,

Учрашмадик, қучоқ очиб қучолмадим

Мухлисман, деб ўнг қўлингдан тутолмадим.

Шеърият ҳам султонидан бўлди жудо,

Халқим дея, ўз жонингни қилган фидо.

Пойингдаман, ич-ичимдан келар нидо,

Учрашмадик, қучоқ очиб қучолмадим

Муҳлисман, деб ўнг қўлингдан тутолмадим.

Қир адирдан қизғалдоғинг қилар хитоб,

Эркалатган ялпизларинг бўлди бетоб.

Авлодингга сандиқ тўла қолди китоб,

Учрашмадик, қучоқ очиб қучолмадим

Муҳлисман, деб ўнг қўлингдан тутолмадим.

Нечун дўстим, карвонингни йўлга солдинг?

Сал эртароқ осмонингни кўзлаб қолдинг.

Мўлжалингни борса келмас томон олдинг,

Учрашмадик, қучоқ очиб қучолмадим

Мухлисман, деб ўнг қўлингдан тутолмадим.

Эҳ дўстима, борса келмас тўярмиди,

Куйинчаклар кўз ёш тўкиб, куярмиди.

Ёки сени осмонда ҳам суярмиди?

Учрашмадик, қучоқ очиб қучолмадим

Мухлисман, деб ўнг қўлингдан тутолмадим.

Ўтирибман, пойингда мен кўз ёш тўкиб,

Билганимча, руҳинг учун оят ўқиб.

Ҳаким Орифжон.