Андижон 24

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИДА МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМ


08.04.2020   5422

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизга мурожаатида ўқувчи ва талаба ёшларга қарата шундай деди:

-Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг!

Айни сўзлар олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Бу, амалга оширилаётган ишларда ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 27 мартдаги “Олий таълим муассасаларида масофавий таълимни жорий этиш тўғрисида”ги 233-сонли буйруғи ижросини таъминлаш, таътил вақтида ўқув жараёнини узлуксизлигини таъминлаш ҳамда талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятимиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари томонидан фанлар бўйича тайёрланганвидеодарслар тайёрланди. Улар таълим муассасаларининг Youtube.com ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаларига жойлаштирилган.

Биз вилоят олий ўқув юртларининг матбуот хизматлари вакиллари билан боғланиб, бу бўйича маълумотларни олишга муваффақ бўлдик.

АНДИЖОН ДАВЛАТ ТИББИЁТ ИНСТИТУТИ:

Институтда масофавий таълим тизими 1-апрелдан ишга туширилди. “I-EDU Group” малакали халқаро мутахассислар билан биргаликда икки ҳафта ичида 699 Гегабайт ҳажмдаги 118 мингтаўқув-услубий ҳужжатлар, шундан соҳага оид 17 минг номдаги ўқув адабиётлари, 30 номдаги ўқув-услубий кўрсатмалар, 2451 дона видео маърузалар, 802 та аудио маъруза, ҳамда 13 мингта тақдимот, 80 минг дона тест саволлари банкини жойлаштириш ишлари якунланди.

Шу тариқа, 7 та бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 540 та фан кесимида 5300 нафар, магистратура мутахассисликларида 387 нафар талабанинг масофавий ва мустақил таълим олиши, ўқув дастурларини ўзлаштиришлари учун шароит яратилди.

Шу жумладан, институтда “I-EDU Group” мутахассислари томонидан Moodle ўқув жараёнини бошқариш бўйича http://e-univer.adti.uz/ платформаси жорий этилди.

Ушбу тизим орқали 2019/2020 ўқув йилининг баҳорги семестридаги фанлар бўйича ўзлаштирилиши керак бўлган мавзулар юзасидан талабаларга тегишли билим ва кўникмалар берилади ҳамда якунда талабаларнинг ўзлаштириши тест тизими орқали он-лайн тарзда баҳоланади.Мазкур платформа ҳозирги кунда 29 та халқаро электрон таълим стандартларига, 146 000 та сайт, 23 миллионта ўқув курси, 190 миллионта фойдаланувчи, 196 миллионта ресурс, 2 миллиарддан ошиқ тестга эга бўлиб, у 240та давлатда фойдаланиб келинмоқда.

Одилжон КАРИМОВ,

институт матбуот хизмати раҳбари.

АНДИЖОН МАШИНАСОЗЛИК ИНСТИТУТИ:

Профессор-ўқитувчилар томонидан тайёрланган электрон таълим ресурслари (ўқув-услубий мажмуа, ўқув-услубий кўрсатма, маърузалар курси, битирув-малакавий ишлар ва ҳоказолар) ZiyoNET таълим порталига ҳам мунтазам равишда жойланиб келинмоқда.

Институтда бир неча йилдан буён MOODLE масофавий таълим платформаси ўқув жараёнида муваффақиятли қўлланилиб келинмоқда.

Мазкур тизимга 18 та таълим йўналиши ва 8 та магистратура мутахассисликларида ўқитилаётган 365 фанлардан видеодарслар, ўқув адабиётлар, ўқув-услубий мажмуалар, мустақил таълим топшириқлари, мавзулар бўйича тақдимотлар, видеолавҳалар, масалалар тўплами, тест ва назорат саволлари профессор-ўқитувчилар томонидан жойлаштирилмоқда. 152 та гуруҳ талабаларига Moodleelektron тизимига кириш ва ундан фойдаланиш учун логин ва парол берилган бўлиб, бугунги карантин даврида талабалар уйда ўтиришиб сабоқ олишмоқда.

Талабаларга масофадан туриб хизмат кўрсатиш мақсадида, ахборот-ресурс марказининг ижтимоий тармоқдаги t.me/@andmiarm_bot саҳифаси ишга туширилган. Ушбу каналда институтдаги мавжуд таълим йўналишларига ўтиладиган фанларнинг жами 4824 номда 83,5 Гб ҳажмдан иборат асосий ўқув адабиётлари, ўқув-услубий мажмуалари ва бадиий адабиётлар жойлаштирилган. Шунингдек, институт сайти таркибида www.lib.andmiedu.uz электрон кутубхона ташкил қилинган. Унга АРМ фондида мавжуд 5904 номдаги тўлиқ матнли электрон ўқув адабиётлар қўйилган. Фойдаланувчилар ушбу электрон ресурслардан масофадан туриб фойдаланишмоқда.

Шунингдек, телеграмм ижтимоий тармоғида АндМИ Масофавий таълим https://t.me/diceduandmiканали очилиб, институтда ўтиладиган барча фанлар бўйича видео ва аудиодарсликлар билан танишиш ва юклаб олиш имконияти яратилди.

Ташкил этилаётган жараёнлардаги иштирокни назорат қилиш мақсадида, мураббийлар томонидан телеграмм ижтимоий тармоғида гуруҳлар очилиб, унга барча талабалар жалб қилинмоқда ва ўзаро мулоқот олиб борилмоқда.

Масофавий дарсларни ташкил қилишда, профессор-ўқитувчилардан Н.Мирзаева, У.Қаюмов, Ш.Ахмедов, Б.Муллажонов, З.Тешабоева, З.Ғаффоров ва Р.Юсуповалар бошқаларга намуна бўлишмоқда.

Бугунги карантин даврда, онлайн дарсларни ташкил қилиб, талабаларни ўз уйларида билим олишига катта ҳисса қўшаётган ўкув-услубий бўлим ва Ахборот технологиялар марказининг жонкуяр ходимлари барчанинг эътирофига сазовор бўлишмоқда.

Хайрулло ВАСИЕВ,

институт ахборот хизмати ходими.

АНДИЖОН ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ:

Карантин шароитида талабаларга масофадан туриб сифатли таълим бериш борасида Андижон давлат университетида ҳам мавжуд куч ва ресурслар ишга солиниб, масофавий таълим дастури жорий этилди. Дастурга кўра, қисқа муддатларда университетнинг масофавий таълим платформаси http://mt.adu.uz ишга тушди. Мавжуд 36 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 20 та магистратура мутахассисликлари 2019/2020 ўқув йилининг баҳорги семестрида ўқув режалар бўйича ўқитилаётган фанлардан ўқув услубий мажмуалар, ишчи ўқув дастурлари, тест саволлари, мустақил таълим топшириқлари, мавзулар бўйича тақдимотлар, масалалар тўплами, назорат саволлари каби 6 мингдан ортиқ ўқув материаллари платформага жойлаштирилди. Масофавий таълим платформасидан фойдаланиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиб, кафедралар ҳамда академик гуруҳларнинг телеграмм гуруҳлари орқали профессор-ўқитувчи ва талабаларга етказилди.

Шунингдек, талаба ва ўқитувчиларнинг юзма-юз мулоқот қилиши, маъруза дарсларини онлайн мулоқот кўринишида ўтказиш чоралари ҳам кўрилмоқда. Ҳозирда синов тариқасида ZOOM Cloud Meetings дастури орқали онлайн дарсларни йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Масофавий таълим дастурига кўра, университетнинг расмий телеграмм канали (https://t.me/asu_uz), барча гуруҳларнинг телеграмм каналлари, YouTube.comдаги (www.youtube.com/Andijondavlatuniversiteti) саҳифаси орқали керакли ўқув материаллари, масофавий таълимга оид янгиликлар, видеодарслар доимий равишда жойлаб борилмоқда. Талабалар билимларини назорат қилиш, уларни мунтазам баҳолаб боришнинг масофавий тизимини жорий этиш учун онлайн баҳолаш платформаси http://test.adu.uz ишлаб чиқилмоқда.

Битирувчи босқич талабаларининг давлат имтиҳонларига тайёргарлиги ва битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси)ларини тайёрлаш бўйича профессор-ўқитувчилар томонидан масофавий таълим платформаси ҳамда телеграмм каналлари орқали талабаларга зарур тавсия ва маслаҳатлар бериб бориляпти.

Талабаларнинг уй шароитида ўқув ва бадиий адабиётлардан қулай тарзда фойдаланишларига кўмаклашиш мақсадида 3 мингдан ортиқ ўқув адабиётларини ўз ичига олган www.kutubxona.adu.uz номли QR кодли электрон кутубхона ишга туширилди.

Шаробиддин ҲОШИМЖОНОВ,

университет ахборот хизмати раҳбари.

***

Демак, вилоятимиздаги барча олий ўқув юртларида Президентимиз мурожаатида ҳамда карантин шароитида амалга ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда талабалармиз масофадан туриб пухта билим олмоқда. Мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Талаба ёшлар карантин шароитида уйда қолиб, вақтини китоб ўқиш, фойдали ишлар билан шуғулланиш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиши бугун жуда муҳимдир.

Нажмиддин ЭРГАШЕВ ва

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

тайёрлашди.