Андижон 24

Олий суд раиси раҳбарлигида оммавий қабул: ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАР ҚАНДАЙ?


22.04.2021   1220

Кеча Андижонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан оммавий қабуллар бошланди. Андижон туманида ташкил этилган сайёр қабул жараёнида Олий суднинг жиноят, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари ҳамда вилоят суди судьялари, шунингдек, адлия, прокуратура, ички ишлари органлари мутасаддилари Андижон шаҳри ҳамда туманидан келган юртдошларимизнинг арзу шикоятларига қулоқ тутдилар.

Дастлабки натижалар қандай?

Судлар томонидан қайд этилган 248 та мурожаатнинг 81 таси жиноят ишлари бўйича, 12 таси маъмурий ҳуқуқбузарлик, 105 таси фуқаролик ишларига оид, 18 таси иқтисодий ишлар ҳамда 32 таси оммавий муносабатларга дахлдор муаммоларни ташкил этди.

Жараён доирасида 35 нафар фуқаронинг аризалари қаноатлантирилиб, уларнинг кассация шикоятлари Олий судда мазмунан кўриш учун қабул қилинди. Яна 15 нафар ҳамюртимизнинг апелляция шикоятлари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, 38 нафар фуқаронинг даъво аризалари биринчи инстанция судининг иш юритувига олинган бўлса, 69 нафарининг турли мазмундаги аризалари қабул қилиниб, шулардан 23 таси ўз жойида ижобий ҳал этилди. Арзгўйларнинг 91 нафарига эса тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Айтиш жоиз, қабуллар доирасида турли кўринишдаги жазо турларини ўтаётган 35 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. Шунинг баробарида 46 нафар фуқарога алимент ундириш ҳақидаги суд буйруқлари чиқарилиб, ижрога қаратилди, 25 та ҳолатда судлар томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган факт белгиланиши натижасида уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ ҳуқуқлари, жумладан, пенсия олиш ҳуқуқи тикланди.

Вилоятда оилавий ажримлар сони энг оғриқли масалалардан бири эканлиги сир эмас. Айни турдаги низолар келажакда алимент, ер, уй-жой билан боғлиқ бир қатор ўткир муаммоларга “доялик” қилиши ҳисобга олинса, мавзунинг долзарблиги янада яққолроқ кўзга ташланади. Шу маънода судьяларнинг ажралиш ёқасига келиб қолган 12 та оила вакиллари билан самимий суҳбат ўтказиб, уларни яраштиришга эришганлигини оммавий қабулнинг энг катта натижаларидан бири дейиш мумкин.

Қабул чоғида фаолиятига дахлдор турли ҳаётий муаммолари ҳал бўлган 45 нафар ҳамюртимиз, жумладан, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўзларининг оғзаки ва ёзма ташаккурномаларини изҳор этдилар. Ана шулардан бири – Андижон шаҳридаги “Динар текстил” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳурматилло Тиллабоев.

– Корхонамизда 2 мингга яқин юртдошларимиз фаолият кўрсатмоқда, – дейди Ҳурматилло Тиллабоев. – Бир ойда ўртача тўрт миллион долларлик маҳсулот экспорт қиляпмиз. Фаолиятимизни кенгайтиришимиз эвазига келгуси ойда яна мингта иш ўрни ташкил этиляпти. Албатта, иш бор жойда турли муаммолар юзага келиши табиий. Биз ҳам фаолият билан боғлиқ муаммолар юзасидан бир неча бор иқтисодий судга мурожаат қилган эдик. Суд томонидан ҳақ-ҳуқуқларимиз қонуний ҳимоя қилиниб, даъвомиз қаноатлантирилди. Тадбиркорнинг турли мураккаб вазиятларда суд томонидан қонуний ва адолатли ҳимоя қилиниши янада шижоат, руҳий қувват бағишлашини тажрибадан ўтказдик. Шу боис қабулга миннатдорлик изҳор қилиш учун келдим.

Асака, Қўрғонтепа, Улуғнор, Избоскан ва Балиқчи туманларида ҳам 24 апрелгача давом этадиган оммавий қабулларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган мурожаатчилар қамраб олиниши режалаштирилган.

Ўз мухбиримиз.