Андижон 24

ОЛИЙ СУД: АНДИЖОНЛИКЛАРГА ЯНА БИР ИМКОНИЯТ…


09.03.2019   3848

9 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов ваОлий суд судьялари томонидан аҳолининг жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларга оид мурожаатлари юзасидан сайёр қабуллар ўтказилди.

Исроил Сайидназаров Марҳамат тумани Бешмирза маҳалласидан, касби қурувчи. 2017 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида меҳнат қилган. Ижарада яшаётган хонадонига кечаси номаълум кимсалар бостириб кирган. Ўзини ҳимоя қилаётиб, натижада бахтсиз ходиса туфайли босқинчиларга оғир шикаст етказган.

Унга Зангиота тумани суди томонидан Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми “а” банди билан тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Ўз айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги туфайли 2018 йилнинг 15 январида Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан маҳрум қилиш жазоси шартли равишда аҳлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган.

Исроил Сайидназаров Олий суд раисига ёши ва белгиланган жазодан тўғри ҳулоса чиқарганини айтиб, жазодан озод этишларини илтимос қилди. Унинг илтимоси Марҳамат тумани суди томонидан қайта кўриб чиқилди ва ЖКнинг тегишли моддаларига асосан ўталмай қолган 10 ой 13 кун аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси олиб ташланиб, муддатидан илгари шартли озод қилинди.

- Бугунги мурожаатим қаноатлантирилиб, қайта кўриб чиқилганлигидан хурсандман, - дейди И. Сайидназаров. –Умримнинг қолган қисмини яхши ишларга сарфлашга ваъда бераман.

Булоқбоши туманининг Боймаҳалла маҳалласида истиқомат қилувчи Хуршидбек Кенжаев 1998 йилда туғилган. 2018 йилда ўзи бошқариб келаётган автомашинада фуқарони уриб юбориб, унга шикаст етказган. Натижада икки йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган, шунингдек, беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, шартли равишда икки йиллик синов муддатига айлантирилган.

Хуршидбекнинг онаси Назирахон Хурибоева ўғлининг ёшлигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, Олий суд раисига жазодан озод этишини сўраб мурожаат қилди.

Шу куни Хуршидбек Кенжаевнинг иши Жиноят ишлари бўйича вилоят судида Булоқбоши тумани суди томонидан кўриб чиқилиб, тайинланган синов муддати қисқартирилди ҳамда жазо муддати ўтаб бўлинган, деб ҳисобланди.

Сайёр қабул давомида тушликка қадар юз нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаати тингланди. Айрим мурожаатлар жойида ҳал этилган бўлса, қолганлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Auz.uz онлайн гуруҳи