Андижон 24

ОЛИЙ СУД АНДИЖОНДА ЎТКАЗГАН САЙЁР ҚАБУЛЛАР ДАВОМИДА 122 ТА МУРОЖААТДАН 82 ТАСИ ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ


05.04.2019   3040

Жорий йил 4 апрель куни вилоятимизнинг Балиқчи ва Қўрғонтепа туманларида Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ва Олий суд судьялари, Бош прокуратура ходимлари аҳолининг жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларга оид мурожаатлари юзасидан сайёр қабуллар ўтказди.

Уларда 122 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Шундан 5 кишининг аризаси назорат тартибида қабул қилинди, 82 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилди ва 35 кишига тегишлилиги бўйича мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Тадбир жараёнида маҳалла раислари, нотинч оилалар ва жазони ижро этиш муассасидан озод қилинган, ҳозирда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган, муқаддам судланган шахслар билан суҳбатлар уюштирилди.

Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 3 та уй-жой низоси ҳақидаги фуқаролик ишлари кўрилиб, якуний қарор қабул қилинди.

Шаҳрихон тумани, Шаҳрихон МФЙ, Асака кўчаси 32-уйда яшовчи Илҳомжон Абдуғаффоровжиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг 2018йил 10 августдаги ҳукми билан судланиб, 2018йил 22 ноябрдаги кассация инстанциясининг ҳукмига мувофиқ транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан махрум қилиш жазосидан озод қилинди.У Олий судга 2018 йил декабрь ойида аҳлоқ тузатиш ишлари (АТИ) жазосиданозод қилишни сўраб мурожаат қилган. Унинг шикоят аризаси асосида Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан сайёр суд мажлисида кўрилиб, тегишли тартибда тушунтириш берилди.

- Менга ЖКнинг 186-1- моддаси билан аҳлоқ тузатиш ишлари (АТИ) жазоси белгиланган эди, - дейди Олтинкўл тумани Мақсад маҳалласида яшовчи Абдулҳалил Асобоев. – Бугунги сайёр қабулда жазоданшартли равишда озод қилиш масаласида мурожаат қилдим. Мурожаатим юзасидан тегишли тушунтиришлар берилиб, аризам қаноатлантирилди. Бундан жуда хурсандман.

Сайёр қабул кунлари ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 65 нафар шахс Жиноят кодексининг тегишли моддаси тартибида ўталмай қолган жазо муддатидан шартли равишда озод қилинди.

Рустамжон Эшонов.

Муаллиф олган суратлар.