Андижон 24

ОЛДИМИЗДАГИ ВАЗИФА – ТОМОРҚАЛАРДА МАҲСУЛДОРЛИКНИ ОШИРИШ МАСАЛАСИНИ ЭНГ ТЕЗКОР ЧОРАЛАР БИЛАН БАРТАРАФ ЭТИШ


16.04.2020   658

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлигига эришиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, томорқачиликни ривожлантириш масалалари юзасидан олдимизга муҳим вазифалар қўйилди. Айни вақтда аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг асосий манбаи бўлган томорқачиликка эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта. Биринчидан, фуқароларни “Уйда қолинг” лойиҳси доирасида пандемияга қарши курашишда карантин даврида яшаш уйларида “олиб қолиш” бўлса, у билан ҳамоҳанг мақсад деҳқон хўжаликлари, томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва шу орқали юртдошларимизнинг даромад ола билиш кўникмаларини мустаҳкамлашдир.

Мазкур видеоселктор йиғилишида белгиланган бандлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенатнинг қўшма қарори имзоланди. Унда муҳтарам Президентимизнинг мавзу юзасидан илгари сурган таклиф-топшириқлари бўйича алоҳида вазифалар белгиланди. Коронавирус пандемияси бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда чора-тадбирлар етарли эмаслиги масаласини келтириб чиқарганидан кўз юмолмаймиз. Аммо бу масалада мамлакатимиз бир қадар ютуқларга эгалигини таъкидлашни истайман. Энг катта бойлигимиз унумдор ерларимиз. Тупроғида олтин унадиган юртда яшаяпмиз. Демак, бу масалада халқимизнинг ички талабини тўла қондира оламиз. Имкониятларимиз айни вақтда ҳосил бериб, даромад келтираётган ер майдонларимизда, ҳатто хонадонлардаги кафтдек томорқаларда ҳам истаганимиздан кўп.

Азалий меҳрли, оқибатли халқмиз. Эҳтиёжманд ён қўшнимиз, маҳалладошимиз ҳолига жим қараб туролмаймиз. Қўшма қарорда бу борада ҳам алоҳида вазифалар белгилангани юқоридаги аҳдимизни янада мустаҳкамлайди. Кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга илғор фермерларни бириктириш, томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш ва парваришлашда ёрдам берилиши, шу мақсадда маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг тўғри сарфланишини депутат сифатида назорат қилиш вазифалари бизни янада масъулиятли бўлишга ундайди. Хусусан, бу борада кўп тармоқли фермер хўжалигининг собиқ раҳбари сифатида илгари ҳам мазкур масалада қатор чора-тадбирларни амалга оширганимни қайд этмоқчиман. Демак, бу йўналишдаги ҳаракатларимиз тўхташ билмайди.

Томорқадан юқори ҳосил олаётган омилкор инсонлар тажрибасини кенг жорий қилинишида ҳам муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз зарур. Очиғини айтишимиз керак, айрим вилоятларда томорқаларга экин экиш ишлари якунланмаган айни пайтда водийликлар, айниқса, андижонликларнинг аллақачон томорқадан катта-катта даромад олаётганларига гувоҳмиз. Бу албатта қувончли. Энди олдимиздаги вазифалардан яна бири, “Ҳар бир оила -тадбиркор” дастури доирасида ҳар бир сектор ҳудудида камида 100 тадан хонадонда 1-1,5 сотихли исиқхоналар ташкил этилишига кўмаклашишимиз даркор.

Айни масалаларда фидойиликни аямасак, соҳадаги тажрибаларимизни оммалаштирсак, астойдил меҳнат қилсак, вазифалар ижросига энг тезкор чоралар билан эришамиз.

Одинахон Отахонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати