Иқтисодиёт

Оқтепада деҳқон бозори очилди


18.11.2017   1125

Юртимиз кундан кунга кўркам, обод, халқимиз ҳаёти фаровон бўлиб боряпти. Замонавий лойиҳалар асосида муҳташам бинолар, қулай уй-жойлар, янги савдо, сервис, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо қилинмоқда. Йўллар кенг, равон бўлаётир. Бунёдкорлик изчил давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси байроғи қабул қилинган қутлуғ кунда Оқтепа қишлоғида Олтинкўл тумани деҳқон бозори мажмуаси фойдаланишга топширилди.

“Глобал инвест премиум” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари лойиҳа қиймати 2 миллиард 350 миллион сўм бўлган объектни қисқа муддатда, талаблар даражасида битказдилар. 126 та янги иш ўрни яратилди.

Мажмуа ойнаванд, ёруғ, харидору сотувчиларга қулайликлари кўп. Қишда иситилади, ёзда салқин бўлишига эришилади. Расталарда нозу неъматлар сифатли сақланиши ҳам ҳисобга олинган. Аҳоли кундалик эҳтиёжи учун зарур, янги маҳсулотларни бемалол харид қилади.

Замонавий бозор мажмуасининг қаторидаги ойнаванд расталари сархил сабзавотлар билан тўла. Шундай жойда дон, мош, ловия савдоси йўлга қўйилган.

Бозор мажмуасининг очилиши байрамга айланди. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов тантанали тадбирда қатнашди. Барчани Ўзбекистон Республикаси байроғи қабул қилинган кун, замонавий бозор мажмуаси ишга тушиши билан қутлади. Ибратли ишлаган қурувчиларга совғалар топширилди.

- Янги бозор мажмуасида савдо хизмати кўрсатиш маданияти юқори бўлади, - деди вилоят ҳокими. – Харидорлар исталганки ноз-неъматларни харид қиладилар. Булар Президентимизнинг халқимиз фаровон яшаши, давлатдан рози бўлиши учун қилаётган ҳаракатлари самарасидир.

Рамзий, рангли лента қирқилиб, кўпчилик бозор фаолияти билан яқиндан танишди. Оқсоқоллар аҳоли учун шундай қулайлик яратилганидан миннатдор бўлиб, дуо қилдилар.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.

Суратларда: янги деҳқон бозори мажмуаси фаолиятидан лавҳалар.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.