Сайлов - 2021

ОКРУГ САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ АЪЗОЛАРИ УЧУН СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ


18.08.2021   817

18 август куни Давлат бошқаруви академиясида Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари учун икки кунлик ўқув семинари бошланди.

Тадбирнинг очилишида Марказий сайлов комиссияси, Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Бу барча даражадаги сайлов комиссияларининг зиммасига улкан масъулият юклайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар бўйича билимини тизимли асосда шакллантириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, жорий йил апрель ойида Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди. Мазкур концепцияда сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва сайловда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билими ҳамда амалий кўникмасини оширишга қаратилган семинар-тренингларни ташкил этиш ва ўтказишни уч босқичда амалга ошириш назарда тутилган.

Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни ташкилотчиларининг сайлов қонунчилиги бўйича малакасини оширишга қаратилган кенг қамровли машғулотлар бутун республика бўйлаб бир неча босқичда ўтказилди.

Навбатдаги босқич ўқув машғулотларида жами 266 нафар Округ сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари, котиби ҳамда аъзолар иштирок этмоқда.

Семинар-тренинг Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчиларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган ўқув дастури ва ўқув-методик материаллар асосида айнан шу экспертлар томонидан олиб борилади.

Икки кун давом этадиган ўқув машғулотлари давомида Округ сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил қилиш, Округ ва УСК бинолари ва овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, сайловни ўтказувчи сайлов комиссиялари ваколат ва вазифалари, сайловчилар рўйхати билан ишлаш каби мавзулар кенг қамраб олинади.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати