Андижон 24

ОҚИЛЛИК БИЛАН ОҒИР КУНЛАРНИ ЕНГАМИЗ


06.04.2020   3438

Юртимизда коронавирус пандемиясига қарши курашда жонкуяр, фаол ёшлар ҳам четда тургани йўқ. Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалининг агробиология факультети битирувчиси Ҳабибулло Солиев 1 апрелга қадар Андижон шаҳри ва туманидаги аҳоли вакилларига 2 минг дона гигиена воситалари ҳамда тарғибот материалларини тарқатди. Ижтимоий кўмакка муҳтож 5 та хонадонга моддий ёрдам кўрсатди. Дори-дармонга муҳтож элликка яқин хасталарнинг дуосини олди. Ижара уй тўловларига қийналаётган Андижон тумани Нўхатак маҳалласидан Ҳадича Отахоновага кўмак қўлини чўзди.

- Шаҳарнинг Наврўз маҳалласидаги Фаровон ва Саноат кўчаларини кунда дезинфекция қилиб чиқяпман, - дейди Ҳабибулло. – Йўл-йўлакай шу ҳудудда яшовчи Азимжон Бадалбоевга ногиронлик аравачасини ҳадя этганимда унинг хурсандчилигидан ўзимнинг ҳам кўзларимга ёш келди.Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Самсакбой Махсудовбир-икки уй нарида истиқомат қилади. Нуроний отахоннинг “Халқимиз оғир кунларни ҳамжиҳатликда, бир-бирига елкадош бўлиб енгган. Бу офат устидан ҳам мана шундай оқиллик билан ғалаба қозонамиз”,деган гаплари менга янада куч-қувват бағишлади.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра 1 апрелдан жорий қилинган янги карантин чоралари доирасида якка тартибдаги хайрия акциялари тўхтатилди. Эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамлари марказлашган тарзда ташкил этилмоқда. Шу боис, Ҳабибулло2 қоп сабзи, 3 қоп макарон ва 500 дона гигиена воситаларини Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш вилоят марказига тақдим этди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.