Андижон 24

«ОДНОКЛАССНИКИ.РУ.»ДАН…ҚАМОҚХОНАГА – 4 ЁКИ БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАРНИНГ АСИРИГА АЙЛАНГАН КИМСА ХУСУСИДА


28.02.2020   14326

«Андижоннома» газетасининг 2017 йил 1 апрель ҳамда 29 ноябрь, 2018 йил 17 январь сонларида диний экстремизм, ақидапарастлик сингари бузғунчи ғоялар гирдобига тушган кимсаларнинг аянчли тақдирлари хусусида учта мақола эълон қилинган. Ҳукмингизга ҳавола этилаётган навбатдаги тўртинчи мақолада вилоят Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида диний ақидапарастликнинг виртуал тарафдори бўлган йигитнинг қилмишларига чек қўйилганлиги тўғрисида сўз юритилади.

Зокиржон Ҳошимов (исм-фамилияси ўзгартирилди)ни ким йўлдан урди? Туппа-тузик оиланинг фарзанди экан. Судда гувоҳлик берган ўртоғи шундай деди, яъни ўқимишли, оқу қоранинг фарқига етадиган хонадонда ўсган.

Аммо… Басабаб оёққа тикан кирмайди, деган гап бор. Зокиржон рўзғор қурган ҳамда уч норасиданинг отаси бўлса-да, ҳеч қаерда ишламайди. Аслида ҳаммаси мана шу бекорчиликдан бошланган. Ардоқли адиб Ўткир Ҳошимовнинг сўзларини эслайлик: «Иш кўплигию вақт йўқлигидан нолиманг. Вақт кўплигию иш йўқлигидан қўрқинг. Одамни абгор қиладиган нарса – бекорчилик».

Битта ишнинг бошини тутиб, эл қатори ўзини хайрли мақсадларга чоғлаб юрган одам йўлдан адашмайди. Тўғриси, кўнглининг кўчаларига кириб, миясини чалғитмайди. Бунга вақтиям бўлмайди.

Ҳозир Интернетни биров дунёга очиқ дераза дейди, биров офат-бало дейди. Унинг фойдасию зарари ҳақида ҳаркимдан ҳар хил гап эшитиш мумкин. Аввало, фойдаси ҳақида фикр юритсак. Кимдир дунёнинг олис бир чеккасидаги қадрдони билан кичкина экран орқали дийдор кўришиши, ҳол-аҳвол сўраши, суҳбат қуриши мумкин. Бир-биридан узоқда яшаётганларнинг меҳр ришталарини дақиқалар ичида боғлаб қўяди. Замонамиз ёшлари Интернет тармоғидан фойдаланиб, онлайн тарзида тест имтиҳонлари топшириб, сизу бизнинг етти ухлаб тушимизга кирмаган йирик олий ўқув юртларига ўқишга кириб кетишяпти. Демак ақлу ҳушини фойдали ишларга қаратадиган одам дунёқарашини бойитяпти.

Бироқ… Олди-ортига қарамай «класс» тугмасини босадиганлар жаҳолатнинг пана-пастқам йўлакларига кириб кетади. Зокиржон ана шундайлардан бўлиб чиқди. Дарахтнинг мўртини қурт ейди, деганларича бор экан. Телефонига ва ноутбукка чиппа ёпишди. Ижтимоий тармоқлардан диний мазмундаги маърузаларни қидириб топиб, тинглашга тушди. Албатта, бунинг ҳеч бирёмон томони йўқ, дегувчилар топилади. Аммо ўша маърузалар қандай мақсадларни кўзлайди, кимларнинг манфаатлари учун хизмат қилади, диний саводи кам кишиларни тўғри йўлдан чалғитиб ташлайдиган жиҳатлари йўқми – маълумоти ўрта махсус Зокиржон бу ҳақда ўйлаб кўрмади. Ваҳоланки, у телефони хотирасига ва компьютерига ёзиб олиб, тинглаган маърузалар, маълумотлар мутаассиблик руҳида бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган эди. Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга, ижтимоий вазиятни беқарорлаштиришга йўналтирилган ҳамда ҳаётимизда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига зид бўлган материаллар унинг бошини айлантириб ташлади.

Жон қулоғи билан тинглаган ўша маърузаларда ҳудудий яхлитликни бузишга, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб аҳоли қатламларига нисбатан адоват, нифоқ келтириб чиқаришга қаратилган ғоялар борлигини била туриб, нафақат ўзи, балки исму шарифи битилган профилининг «Дўстлар» саҳифасида кўплаб танишларига тарқатишга тушди. Миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга динийэътиқод ёки дахрийлигига қараб фуқароларнинг хис-туйғуларини ҳақоратлашга йўналтирилган ақидапарастлик ғояларини ўзи билган кимсалар билан «ўртоқлаша» бошлади.

Уяли алоқа воситаси, ноутбук деганлари аслида яхшилик йўлида фойдаланса бўладиган, дунёқарашу тафаккуримизни оширишга хизмат қиладиган техник матоҳлару, бироқ кимнинг қўлига тушишига ҳам боғлиқ экан. Яна қайтарамиз, диний мазмундаги маърузаларни тинглаш ман қилинган эмас-ку, дейдиганлар ёт ғояларни одамларнинг қалбига сингдиришга уриниш ақл бовар қилмайдиган найранглар эканини тушунишармикан? Ёки мана шуни тушуниш учун бошни деворга бориб уриш керакми?

Зокиржон ёмон арава йўл бузади, деган нақлни эҳтимол эшитмаган чиқар. Эшитганида Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ўзининг виртуал дўстлари қаторида 129 нафар фойдаланувчиларга ўзгалар онгини заҳарлайдиган маърузаларни тарқатмаган бўлармиди? Йўқ. Йўлдан тойилган кимса қилмишларига ҳоҳ чиндан, ҳоҳ ясама пушаймон бўлишга тушди. Профилдаги «дўстлар» кимўзи? Дўстлик нима ўзи? Биз яхши кунда ёнингда турадиган, ташвишли кезларда ғам-қайғуни бирга бўлишадиган, хайрли ишларга ундайдиган одамни қадрдон дўст деб биламиз. Интернетдаги «дўст»лар-чи?

«Уяли телефон аппаратимнинг экрани синиб, носоз аҳволга тушиб қолган эди. Шунинг учун маърузалар виртуал дўстларимга тарқаб кетганини билмаганман» деган важ-корсонларни рўкач қилди. Бу ёғи эски томоша: «Биламан, десам тутиламан, билмайман, десам қутиламан». Лекин дийдиёлар ортиқча: айбини яширсанг, иситмаси ошкор қилаверади.

Энди мушоҳада юритиб кўрайлик. Яратганнинг инъоми – умрни халқ ғазабини, нафратини қўзғатадиган юмушларга сарфлаш инсонийликка тўғри келадиган ишми? Табаррук китобларимизда Абу Ҳурайра (розиаллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта, Ҳақ таоло жисмингиз, кўринишингиз ва амалларингизга қарамайди. Қалбингизга қарайди» дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Зарарли ғоялар гирдобига ўралашган кимсаларнинг қалбига назар ташлайлик. Ҳозир халқаро террористик ва диний экстремистик ташкилотлар томонидан уларнинг гумашталари нималарни ўйлаб топмаяпти, дейсиз! Аслида бу ҳам одамларнинг феълу тафаккурига таъсир қилиб, пул топишнинг усулига айланди. Глобаллашув даврида қарашлари тор, яъни дунёвий илмларни пухта билмайдиган, оқни оққа, қорани қорага ажрата олмайдиган мажруҳ онг эгалари зарарли «даъватлар»га эргашиб, жарликка қулаётганликларини англамайдилар.

Эркинлик - хою ҳавасга берилиб, кўнгил истагига қараб, ҳоҳлаган кўчага киравериш дегани, деб ким ўйлайдиган бўлса, қаттиқ хато қилади. Эркинлик – сизга берилган имтиёз ва имкониятлардан яхшилик йўлида, фақат яхшилик йўлида фойдаланиш демакдир. Ёмонликнинг пасту баланд сўқмоқларига буриладиган бўлсангиз, қонун бор, тош-тарозу бор. Конституциямизнинг 31-моддасида: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» деб битилган.

Энди айнан қонун тилида гаплашайлик. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасининг бандларида диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган… аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш учун жавобгарлик белгиланган. Фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда… жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш учун ҳам жавобгарлик бор. Шунингдек, ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатлар оммавий ахборот воситаларидан ёҳуд телекоммуникация тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилганда ҳам жавоб бериш керак.

Донишмандлар «Бу дунё ўтади-кетади, юзи қоралик қолади» деган эканлар. Афсуски, Зокиржонга ўхшаган тафаккуричалғиган кимсалар буни тушунмайдилар. Тушунганларида эса кеч бўлади. З. Ҳошимов Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди билан шунингдек, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 1 йил 8 ой озодликдан маҳрум қилинди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилади. Қинғир ишнинг қийиғи чиқишини, мақолда айтилганидек, қирқ йил кутиш шарт эмас экан. Демак, кўза кунда эмас, кунида синди.

Мамлакатимизда инсонпарварлик тамойиллари, кечиримлилик кафолати, бағрикенглик муҳити қарор топаётган шароитда унинг айби ҳар томонлама холисона кўриб чиқилди. Жазо тайинлашда қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оиласининг ягона боқувчиси эканлиги, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган илтимоснома ва кафиллик хатлари инобатга олинди. Суд, яна шуни алоҳида қайд этдики, дастлабки тергов мобайнида судланувчига қўйилган жавобгарлик – Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми билан белгиланган жазо – амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга… очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш аниқланмаганлигини назарда тутиб, эксперт хулосаларининг мазкур қисми инобатга олинмади. Адолатли ҳукм берилган имкониятдан, одамийлик тамойилидан тўғри хулоса чиқаришни тақозо қилади.

Атоқли файласуф олим Ғайбулла ас-Саломнинг мана шундай ўгитлари бор экан: «Ҳеч қачон ўз Раббинг марҳамати ва ризқ-шафқатидан ноумид қолма. Тилингни ёлғон билан булғама. Туҳматга дохил ва кафил бўлма. Ҳаромдан ҳазар қил. Сени оқ ювиб, оқ тараган Ватанинг, халқинг, ота-онангни рози қил!». Шукурлар бўлсинки, 33 миллиондан зиёд одамлар яшаётган юртимизда ҳар бир куни улуғ ниятлар ва ҳайрли мақсадлар билан ўтаётган, ҳалол ва пок яшаётган инсонлар бисёр. Йўлдан адашманг, тойилган бўлсангиз, ўзингизни ўнгланг ва ана шу яхшилар сафига қўшилинг.

Хайрулло МАҲМУД.