«102» хабарлари

«Одноклассники.ру»дан... қамоқхонага – 2


29.11.2017   1588

ёки бузғунчи ғояларнинг асирига айланганлар хусусида

Газетамизнинг шу йил 1 апрель сонида «Одноклассники.ру»дан... қамоқхонага ёки бузғунчи ғояларнинг асирига айланганлар хусусида» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Бугун эътиборингизга ҳавола қилинаётган навбатдаги мақолада вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ва ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида диний эстремизм, терроризмнинг виртуал тарафдорлари кирдикорларига чек қўйилганлиги хусусида сўз юритилади.

Интернет фан-техниканинг энг илғор ютуғи сифатида бутун дунёда тан олинганини жуда яхши биламиз. Мана шу тараққиёт мевасидан ҳамма фойдаланяпти. Аксарият кишилар учун у «билимдон ва ақлли» кўмакчи, узоғини яқин қилувчи, эзгу ишларни рўёбга чиқаришда таянч вазифасини ўтаса, айрим кимсалар ундан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, халққа хиёнат кўчасига киряптилар. Нафсиламбирини айтганда, Интернет худди ойнага ўхшайди. Унга қараган кишининг қандайлигини бемалол билиб олса бўлади.

... Нодиржон Собиров Фарғона вилоятининг Қува туманидан. Ўттиз уч ёшни қоралаган бу йигитнинг оиласи барбод бўлди – турмуши дарз кетди. Бекорчидан эл безор, деганларидек, фойдали меҳнат билан шуғулланиш ўрнига ёт ғоялар домига илинди. Планшетга термулишдан бошқа юмуши йўқ. Ўтган йилнинг баҳорида «Одноклассники.ру» ижтимоий тармоғига кириб, ўзига профиль очдию, аллакимлар билан «дўстлашиш»га тушди. Уни соф Ислом дунёсига оид илмлар эмас, балки ҳар турли маъруза ва даъватлар ўзига ром эта бошлади. Нодир Собиров энди Янги йил, Наврўз, 8-март байрамларига ҳам ўгай кўз билан қарайдиган бўлди. Мусиқанинг «ҳаром» эканлигинию айтмай қўя қолайлик.

Ғаразли мулоқотлар чоғида у Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи Нодирбек Ҳасанов билан танишди. Бу йигитча болалигидан ногирон экан. Эътиқоди суст кимсаларнинг онгини майиб-мажруҳ қиладиган ғоялар баён этилган маърузаларнинг ишқибози бўлган бу кичкина «шоввоз» Нодир Собировдан ўшандай даъватларни кўчириб олишнинг эвазига «янги»ларидан беришни таклиф қилди. Кўр кўрни қоронғуда топади, деганларидек иккови дарров тил бириктирдилар. Фақат диний ақидапарастлик, ёт ғоялар хусусида гап кетмас, Интернет орқали мулоқотларда давлат сиёсатидан норозилик "овоз"лари ҳам эшитиладиган бўлди.

Бу кимсаларнинг ҳамтовоғи Жасур Тошматов Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида туғилган. Ҳеч қаерда ишламайди. Оиласи, икки нафар фарзанди бор. Ҳали ўттиз ёшга ҳам кириб улгурмаган бу йигитга «эл қатори ишласанг бўлмайдими?» – десангиз, бели оғрийди. Ўй-хаёли ёт ғоялар билан заҳарланган кимсаларнинг битта хусусияти борки, улар ишсиз, бекор юришни уят деб ҳисобламайдилар, бу борада ор-номусни унутиб қўядилар.

Жасур ўтган йили Қозоғистондан республикамиз ҳудудига божхона ходимларининг кўзини шам-ғалат қилиб мобиль телефонини олиб ўтди. Бу ҳаракат қонун тилида «контрабанда» дейилади.

Унинг хотирасига ақидапарастлик, мутаассиблик ғоялари билан йўғрилган даъват ва маърузалар, тинч аҳоли орасида турли хил тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўладиган маълумотлар жойлаштирилган. Уларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш тақиқланган. Жасур ана шу ғаразли "юк"ни уйига олиб келгач, ноутбукнинг хотирасига ўтказди. Ундан ўзи Россиядан келтирган бошқа бир компьютерга ҳам кўчирди. Демак, уларни тинглаш билангина кифояланмас эди. «Одноклассники.ру» ижтимоий тармоғига уланиб, ўзига ўхшаган «дарди бедаво»ларга тарқатишга тушди. Бир куни қувалик Нодир Собиров унга қўнғироқ қилди. У Ёзёвонга келмоқчи экан, «кўришайлик» деди.

Ёзёвон туманининг Иштирхон қишлоғида жойлашган коллеж олдида учрашганларида Н. Собиров «маърузалардан борми?» – деб сўради. «Бор» деган жавоб олгач, «олди-берди» бошланди. Ўртада нима гап-сўзлар бўлганлиги икковига аён. Аммо ғаразли мақсадлар, бузуқ ниятлар, давлат сиёсатидан норозиликни қўзғатувчи, яъни софдил одамларни чалғитувчи "юк"ларнинг қўлдан-қўлга ўтгани аниқ.

Пахтаободлик Нодир Ҳасановнинг қилмишларини таҳлил қилиб ҳайрон бўласиз. У юқорида айтилганидек, болалигидан ногирон. Ҳамиша давлат ҳимоясида бўлиб келган, иккинчи гуруҳ ногиронлари учун белгиланган имтиёзлардан тўла фойдаланаётган бўлишига қарамай, тўғри йўлдан оздирувчи ғояларга муккасидан кетди. «Одноклассники.ру» ижтимоий тармоғида турли номларда профиллар очиб, «оғу» қулига айланди. Мазкур ижтимоий тармоқдаги «Озодлик» радиоси гуруҳига аъзо бўлди. Бу гуруҳ нуқул давлат сиёсатига қарши ғояларни тарқатар эди. Нодир Ҳасанов 630 дан ортиқ зарарли маъруза, даъват ва видеороликларни «бошқалар кўрсин ва ўқисин» деган мақсадда интернетга жойлади. 200 дан ортиқ «дўстлар»и билан мулоқотга киришди ва... охир-оқибат суднинг қора курсисига етиб келди.

Нодир Собиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2441-моддаси иккинчи қисмига биноан, яъни «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш» жинояти учун тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Жасур Тошматов Жиноят Кодексининг 246-моддасига биноан, яъни «контрабанда, божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб... диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни чегарадан ўтказиш» жиноятини содир этганлиги ҳамда 2441-моддаси иккинчи қисми билан узил-кесил беш йилу олти ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Жиноят Кодексининг 159-моддаси биринчи қисми, 2441-моддасининг иккинчи қисми билан айбли деб топилган Нодир Ҳасановга қилмишлари учун жазо белгилашда унинг ногиронлиги инобатга олинди. Унга ЖКнинг 59-моддаси иккинчи қисми тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил беш йил муддатга сутканинг соат 18.00 дан соат 6.00 гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат озодликни чеклаш жазоси та-йинланди. У энди оммавий тадбирларда иштирок этмайди, маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмайди, вилоят ҳудудидан ташқарига чиқарилмайди ва унга уяли алоқа воситаларидан, интернетдан фойдаланиш тақиқланди.

Бу уч кимсанинг суд жараёнида «ёт ғоялар битилган маърузаларни бошқаларга ўтказиш мумкин эмаслигини билмаган эканман, тавба қилдим, енгиллик беринглар» деб ялиниб-ёлворишларини кўрган киши ёқа ушлайди. Қувалик Нодир Собиров ўзини жуда сипо тутади. Қўй оғзидан чўп олмагандек иккиюзламачилик қилади. Ёзёвонлик Жасур Тошматов ўзига қўйиб берсангиз, «алломаи даврон». Кўчага чиқса, издиҳомларга борса, ҳатто домлаликка даъво қилишдан тоймайди. Пахтаободлик Нодир Ҳасановга ачинишни ҳам, дашном беришни ҳам билмайсиз.

Атрофга қаранг, кўчани тўлдириб одамлар ўтиб боришяпти. Ҳамманинг нияти «бугунги куним яхши ўтсин, яхши одамлар билан кўришай, ўзгаларга қўлимдан келганича яхшилик қилай», деган ўй билан банд. Кимки қабиҳ ният билан кўчага чиққан бўлса, пешонаси деворга бориб урилиши тайин. Бу уч кимсанинг мутаассиблик, ақидапарастлик, халққа хиёнат руҳидаги қилмишларини ўйлаб, сўзимизни мана шу азиз калом билан якунласак:

Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар ато этиб, шукур қилишга буюрган. Иброҳим сурасининг 7-оятида: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: қасамки, агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир.»

Тинч, хотиржам ҳаётимиз, аслида, жуда катта неъмат. Унинг қадрига етишимиз, ана шу неъматни кўролмайдиган ғаразли кучлар, нопок тоифаларнинг найрангларидан ҳамиша огоҳ бўлишимиз керак.

Бекзод АБДУНАЗАРОВ,

жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ тумани

судининг раиси.

Ғолибжон АБДУЛЛАЕВ,

«Андижоннома» мухбири.