ЖАМИЯТ

ОДИЛ СУД ШАЪНИ – МИЛЛАТ ШАЪНИ


16.08.2019   1087

Яқин кунлар ичида халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - Мустақиллик байрамини нишонлаймиз. Шукрки, Мустақиллик неъмати туфайли жамиятимизда инсон қадри улуғланмоқда, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинмоқда. Буни мен каби ноҳақ айбланган инсонлар бошқалардан кўра теранроқ англайди, ҳис этади.

Аёл бошим билан ҳаётимнинг кейинги йилларида кўп азоб-уқубатларга дучор бўлдим. Мен ўзганинг мулкини ўзлаштириш, ҳужжатларни сохталаштириш, товламачилик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби қатор жиноятларни содир этишда айбландим. Инсон сифатида шаъним, қадр-қимматим топталди. Ҳеч кимга, ҳатто душманимга ҳам бундай кўргуликни раво кўрмайман.

Аслида кекса, ногирон бир аёлга қилган яхшиликларим, маҳаллам учун қилган хизматларим ортидан кўп азият чекдим. Кимларнингдир бўҳтон, туҳмат асосидаги айбловлари, тергов ҳаракатларининг юзаки ўтказилганлиги туфайли уч йил давомида сарсон-саргардон, жиноятчи деган номни кўтариб юришга мажбур бўлдим.

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлади, деганларидек, ана шу оғир кунлар бугун ортда қолди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд тизимини ислоҳ қилиш, одил судловга эришиш, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлардан руҳланган ҳолда суд қароридан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят билан мурожаат қилдим. Шикоятимга асосан, суд ҳукми қайтадан кўриб чиқилди.

Мени айблаш ҳақидаги иш Жиноят ишлари бўйича Бўз туман суди томонидан (2017 йилнинг 1 декабрида) кўриб чиқилиб, тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланиб, ҳатти-ҳаракатларимда жиноят ҳолатлари мавжуд эмаслиги, очиқ-ойдин айтилди. Суднинг аввалги қарори бекор қилиниб, оқландим.

Ҳақиқат қарор топди. Лекин бунгача бўлган ишлар, яқинларим, таниш-билишларим олдидаги хижолатчиликлар, қай даражада руҳий тушкунликка тушганлигимни сўз билан таърифлай олмайман.

Энг асосийси, одамлар олдида қадим тик, руҳимда ҳаловат бор. Бугун нафақат мени, балки мен каби ноҳақ айбланган кўплаб кишилар ҳам ана шу сурурдан, ҳаловатдан кўнгли масрур бўлмоқда. Бу албатта, юртимизда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, адолат, қонун устуворлиги таъминланаётганлиги самарасидир.

Бунинг учун мен суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар асосчиси Президентимизга, қонун устуворлигини таъминлаш, судларни адолат қўрғонига айлантириш борасида катта ишларни олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятига, Андижон вилояти судьяларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Мустақиллик шукуҳи кезаётган юртимизда инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлаш йўлида олиб борилаётган хайрли ишлар бардавом бўлсин.

Зулхумор Назарова,

Андижон шаҳри, “Соғлом авлод” маҳалласи.