Андижон 24

ОДАМЛАР ЭРТАГА ЭМАС, БУГУН ҲАЁТИДАН РОЗИ БЎЛИБ ЯШАШИ ЛОЗИМ (+ВИДЕО)


04.05.2021   2335

Жорий йилнинг 8 январь куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Асака туманидаги Улуғбек маҳалласининг Наврўз даҳасида бўлиб, шу ерда яшовчи аҳоли вакиллари билан учрашиб, дарду-ташвишлари ва муаммоларини эшитган эди.

Учрашув давомида қилинган мурожаатларнинг аксарияти электр энергияси ва газ таъминоти, ичимлик ва оқава суви, газ, йўл, бандлик, соҳлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга таалуқли бўлиб, улуғбекликларни бир неча йиллардан буён қийнаб келаётгани қайд этилганди.

Мулоқот давомида вилоят раҳбари ўнлаб мурожаатни шу ернинг ўзида ҳал этиш билан бирга вақт талаб этиладиган масалалар бўйича эса тегишли ташкилотларнинг раҳбарларига муаммоларни ечиш бўйича топшириқлар берганди.

- Шўрқишлоқ, Фидокор ва Улуғбек маҳаллалари Асака туманидаги энг оғир ҳудудлардан ҳисобланади, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Асака туманидаги Халқ қабулхонаси мутахассисиБобурмирзо Хожиакбаров. – Одатда оғир ҳудуд тушунчаси туман марказидан узоқ, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши паст, ишсизлик, электр, йўл, ичимлик суви, газ таъминоти ва ижтимоий соҳага оид муаммолари тўпланиб қолган, кўп миллатли оилалар истиқомат қилувчи ҳудудларга нисбатан ишлатилади. Бизга келиб тушаётган мурожаатлар, сектор раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар ва ҳуддудлардаги ўрганиш ишлари таҳлил этилганда юқорида номи қайд этилган маҳаллалар оғир ҳудуд сифатида қайд этилган.

Бобурмирзо Хожиакбаровнинг таъкидлашича, икки йил давомида Улуғбек маҳалласи оғир ҳудуд сифатида давлат дастурларига киритилган бўлсада, аммо кўтарилган муаммоларни ечиш бўйича ҳеч қандай ҳаракатлар қилинмаган. Аммо вилоят ҳокимининг ушбу ҳудудга қилган кутилмаган ташрифи эса амалий ишларнинг бошланишга туртки бўлган.

- Маҳалламизда яшовчи меҳнатга лаёқатли аҳолининг 50 фоиздан ортиғи ишсиз фуқаролар ҳисобланади, - дейди Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар ва оилалар билан ишлаш бўйича ўринбосари Дилрабо Чўлпонова. – Вилоят ҳокими ташаббуси билан уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида январь-февраль ойлари мобайнида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳудуддаги фойдаланилмасдан турган қир-адирликлар ўрнида иссиқхоналар қурилиб, субсидия ва кам фоизли кредит асосида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 220 га яқин ёшлар ва хотин-қизларга бўлиб берилди. Февраль ойининг ўрталарида юқорида қайд этилган фуқаролар ўзларига тегишли бўлган иссиқхоналарда помидор, бодринг, булғор қалампири ва бошқа сабзавотларни етиштиришни бошлаган. Барчаси эрта тонгдан то кечга қадар шу ерда меҳнат қилишмоқда. Кўриб турганингиздек, айрим иссиқхоналардаги кўчатлар мевага кирди ҳам. Бундан маҳалладошларимиз хурсанд, албатта.

- Иссиқхоналар қурилиши бошланганда Дилрабо опадан менга ҳам ажратиб беришларисини сўраб мурожаат қилдим, - дейди “Аёллар дафтари”да турувчи Наргиза Зуҳриддинова. –Битгандан сўнг кўчатлари билан беришди. Март ойи бошларида кўчатларни экиб, мана энди парвариш қилаяпман. Бу йил шу иссиқхонанинг ўзидан 10 миллионга яқин даромад олишни мақсад қилиб турибман. Ахир, берилган имкониятдан тўғри фойдаланмасам бўлмас.

Ичимлик суви - Наврўз дахасида яшовчиларни қийнаб келаётган энг катта муаммолардан бири ҳисобланади. Шу кунга қадар наврўзликлар ичимлик сувини махсус автомашиналардан нақд пулга сотиб олиб, истеъмол қилишган. Яқин кунларда ушбу муаммо ҳал бўлиш арафасида. Боиси маҳалла ҳудудига ердан ичимлик суви тортиш учун насос ва сув минораси ўрнатилиб, 8 км масофага тармоқ тортилди.

- Бу ерга кўчиб чиққанимизга ўттиз йилдан ошди, -дейди Минура Холматова. –Чекка ҳудуд бўлганимиз учун ўзимиз қўлдан келганча шароит қилиб, яшаб келаяпмиз. Эътибор берсангиз, ҳар бир оила ўз имкониятидан келиб чиқиб, электр симларини тортишган, “столба”лар талабга жавоб бермайди. Ёмғирли кунларда кўчаларимиз лой бўлиб, ташқарига чиқа олмасдик. Ичимлик ва оқава сувида ҳам муаммоларимиз бориди. Вилоят ҳокими келиб кетгандан кейин кўчаларимизга шағал тўқилди, асфальтланмоқда. Энг асосийси ичимлик суви тортиляпти. Бундай ишларнинг бўлиши етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган.

Мулоқот давомида кўтарилган йўл, электр энергияси, ирригация тармоқлари ва уй-жойларни таъминлаш масалалари ҳам бирин кетин ўз ечимини топмоқда.Бунда тегишли ташкилотлар билан биргаликда Мудофаа вазирлиги томонидан жалб этилган ҳашарчи-аскарлар катта ёрдам бермоқда.

Қисқа қилиб айтганда, Улуғбек маҳалласининг қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг яшаш шароити яхшиланмоқда.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ,

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.