ЖАМИЯТ

ОДАМ САВДОСИ – ДАВР МУАММОСИ


13.06.2022   2267

У шунчаки кўпроқ пул топиб ёлғиз онаси ва хали вояга етиб улгурмаган укасининг моддий таъминотига кўмаклашмоқчи эди. Шу мақсад уни хориж “ишқи” билан оловлантирганди. Бироқ ғаламис кимсанинг алдови билан одам савдоси қурбонига айланди. Ёш умрини хазон қилган бу уни иллат чет эллик аллакимларнинг қули бўлишига мажбур қилгани рост. Ёнида на бирор ҳужжати, босишга на бирор эркин қадами йўқ бўлгач, қочишга уриниш ҳам бефойда эди...

Бу каби муаммоларни ОАВ орқали кўришга ҳам, атрофимиздагилардан эшитишга ҳам кўникдик очиғи. Аслида асримизнинг жиддий муаммосига айланиб улгурган одам савдоси муаммоси тобора кескинлашиб бораётгани аянчли. Унга қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда.

Хўш, мазкур масала юзасидан қандай чоралар амалга оширилмоқда?

Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

“Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция (1949), "Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида"ги қўшимча Конвенция (1956), "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида"ги Конвенцияни тўлдирувчи "Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида"ги баённома (2000) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда. Одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2005 йили МДҲ доирасида “Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида”ги келишув, 2006 йилда саккиз аъзо мамлакат доирасида “Одам савдосига қарши курашнинг 2007–2010 йилларга мўлжалланган дастури” қабул қилинган эди.

Минг афсуски, бутун дунё бўйлаб шунча кенг қамровли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик” исканжасида қолмоқдалар. Аслида бу жиноятнинг ривожланишига одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмасликлари туртки бўлаётир. Шунингдек, бу иллатнинг яна бир сабаби маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир.

Ўткинчи мол-дунё учун ватандошларини, қишлоқдошларини ва ҳатто қариндошларини сотишдан қайтмаётган кишилар тафаккур қилмоққа ожиздирлар, албатта. Уларнинг жирканч мақсадлари туфайли қанча-қанчалаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқдалар.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида халқимиз турмуш шароити юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар яратилмоқда. Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш учундир.

Ўзбекистон Конституциясининг 13-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарори билан одам савдосига оид ноқонуний ҳаракатларга қарши тадбирлар, давлат ва жамоа органлари томонидан бажариладиган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлиги, шаъни, қадр-қимматини жиноятчиларнинг тажовузларидан ҳимоялаб, инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари энг олий қадрият, деган улуғ ғояни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан диққатга сазовордир. Ўзбекистон инсонпарвар демократик давлат сифатида умумэътироф этилган халқаро норма ва қоидаларни ўз миллий ҳуқуқ тизимига кенг жорий қилиш йўлини тутмоқда. Хусусан, юқоридаги халқаро нормалар асосида Ўзбекистон Олий Мажлиси томонидан 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ҳамда унинг асосидаги қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Одам савдосига қарши курашга қаратилган халқаро қонунчиликда ҳам, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида ҳам одам савдоси жабрдийдалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ҳимоясини таъминлаш белгилаб қўйилган.

Ҳосилбек Матқулов.

Андижон давлат университети Чет тиллар

факультети Ёшлар масалалари ва маънавий-

маърифий ишлар бўйича декани ўринбосари.