Бугуннинг гапи

Очиқ эшиклар куни: Ёшлар учун ҳарбийлар эшиги очилди


13.01.2018   1481

Байрам тадбирлари доирасида ҳарбийларнинг ҳаёти, фаолияти ёшларга тарғиб қилинмоқда. Навбатдаги тадбирда мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ўқувчилари, олий ўқув юртларининг талабалари учун Андижондаги ҳарбий қисм эшиклари очилди.

-Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ҳамда 14-январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан ҳарбий қисмларда “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилмоқда, - дейди шахсий таркиб билан ишлаш бўйича бошлиқ ўринбосари Йўлдош Ҳолиқов. – Мақсад, ҳарбий қисмларда яратилаётган шарт-шароитлар, ҳарбий ва жанговор техникалар, қурол-аслаҳалар, ахборот технология воситалари, муҳандислик йўналишлари, оммавий қирғин қуролларидан сақланиш анжомлари, кийим-бошлар, жисмоний тайёргарлик ўтайдиган майдон ва жиҳозлар, мунтазам билимларини ошириб борадиган электрон кутубхоналарни ёшларга кўрсатиш орқали уларда ҳарбий ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини бойитишдан иборатдир. Бу, уларни Ватанга бўлган муҳаббатини янада оширади, ҳарбий хизматга қизиқишини, демакки, Ватанни қўриқлашдек буюк шарафга муяссар бўлиш истагини уйғотади.

Иштирокчилар ҳарбий техника ва аслаҳалар ҳақидаги саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилдилар ва кўп маълумотларга эга бўлдилар. Ҳатто уларни ушлаб кўриш, бошқариш бахтига ҳам муяссар бўлдилар. Ҳарбий алпинистларнинг анжомлари, вазифалари ва эришилаётган ютуқларига қизиққан Андижон шаҳридаги 28-умумтаълим мактаб ўқувчиси Абдураҳмон Абдухалилов мутахассис Алишер Режаповдан қуйидаги жавобни олди:

-Бу ўқув нуқтасида ҳарбий алпинистларнинг тоғда ҳаракатланиши учун мўлжалланган анжом ва воситалари мавжуд. Улар музли, ўтли қияликларда, тик, нишабликлари манфий бўлган қояларда керак бўладиган арқонлар, карабинлар, жума, ролик, бош кийимлари ва бошқалардир. Шунингдек, тоғли ҳудудларда тунаш учун чодирлар, ярадорларни олиб юриш учун замбиллар ҳамда анжом воситаларни жойлаш учун қоплар мавжуд. Ҳарбий алпинистларимиз МДҲ давлатлари ўртасида “Армия-2017” миқёсидаги “Элбурс ҳалқаси” мусобақларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллашди. Бундан ташқари баланд тоғ ҳудудларда баландликка кўтарилиш бўйича рекордга эришишди. Йўриқчимиз Зокир Ярлақаев ва унинг шогидлари Рустам Тагаев, Содиқ Ниязимбетов, Бегзод Ҳасановлар турли мусобақаларда доимо пешқадамлик қилиб келмоқдалар.

Андижон политехника коллежи ўқувчиси Асадбек Одилов эса алоқачиларнинг техник воситалари билан қизиқди. Мутахассис Мақсад Абдуллаев унинг саволларига батафсил жавоб берди.

-Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган алоқа воситалари барча талабларга тўлиқ жавоб бериши билан аҳамиятлидир. Армия энг замонавий алоқа воситалари билан жиҳозланган. Кичкина радиостанция орқали бутун мамлакатимиз бўйлаб гаплашиш имконияти бор. Улар сифат жиҳатидан ҳам, самарадорлиги, қулай ва ихчамлиги билан ҳам талабларга тўла мос келади.

Тиббий хизмат, ҳарбийларнинг дала шароитидаги кундалик ҳаёти акс эттирилган кўргазмали бурчаклар, спорт анжомлари, замонавий қурол-аслаҳалар барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

-Мен келажакда ҳарбий акаларимдек Ватан ҳимоячиси бўлишни ният қилдим,-деди Андижон шаҳридаги 28-умумтаълим мактаб ўқувчиси Отабек Адҳамов.-Уларни жисмонан бақувват, ўз соҳасининг етук мутахассиси эканлиги ҳамда яратилган шарт-шароитларни кўриб хавасим келди.

Тадбирда Отабек сингари кўнглига юрт посбони бўлишдек эзгу мақсадни туйган ёшлар кўп бўлди. Уларнинг сафи кенгайиши эса, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини ёшлар қалбида янада шаклланишида муҳим аҳамиятга эгадир.

Муроджон Тўхтаназаров.