Андижон 24

ОБОДОН МАҲАЛЛАСИДАГИ ТАЯНЧ ПУНКТИ ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИ ТОШКЕНТГА БОРАДИ


19.02.2020   1625

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда ички ишлар органлари таянч пунктлари ва профилактика инспекторларининг ўрни ортиб бормоқда. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда ушбу тизим фаолиятини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари Республикаси кўрик танловининг Андижон вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда шаҳар, туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 16 та даъвогар иштирок этди. Таянч пунктларининг хотин-қизлар ташкилотлари, посбонлар, маҳалла фаоллари, таълим – тарбия муассасалари ҳамда турли давлат, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илғор иш тажриаларини оммалаштириш ва рағбатлантиришда мазкур кўрик-танлов муҳим аҳамият касб этмоқда.

Профилактика инспекторларини маҳалла аҳолиси билан яқинлаштириш, ҳудудда турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоятдаги барча маҳаллаларда хизмат уйлари қурилди. Банк имтиёзли кредити асосида шахсий автомашина билан таъминланди.

Тантанали маросимда Низом талаблари асосида иш ташкил этиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ибрат бўлаётган, ҳамкорликдаги ишларни талаб даражасида олиб бораётган Қўрғонтепа тумани Ободон маҳалласига хизмат кўрсатувчи Ички ишлар органларининг 200-сонли таянч пункти биринчи ўринга муносиб, деб топилгани эълон қилинди.

– Турли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигимиз ҳудудда осойишталик ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда самара бермоқда, – дейди таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Шавкатжон Хонкелдиев. – Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, фан, ижодий, касбий тўгараклар ва спорт машғулотларига жалб этиш борасида ҳам зарур чора-тадбирлар олиб борилди. Натижада барча йўналишлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эришилиб, ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмади.

Танлов натижаларига кўра, 2-ўрин Андижон тумани Ички ишлар бўлими Чем маҳалласига хизмат кўрсатувчи Ички ишлар органларининг 55-сонли таянч пунктига, 3-ўрин Асака тумани Ички ишлар бўлими Кужган маҳалласига хизмат кўрсатувчи Ички ишлар органларининг 89-сонли таянч пунктига насиб этди. Шунингдек, “Энг фидойи сектор раҳбари”, “Ибратли хотин-қизлар қўмитаси раиси”, “Ички ишлар органлари бошлиқларининг энг фаол ёшлар масалалари бўйича ўринбосари”, “Энг фидоий маҳалла раиси” сингари ўнга яқин номинациялар бўйича муносиб ҳамкорларга ташкилотчиларнинг совғалари топширилди.

Вилоят босқичи ғолиби бош совринни қўлга киритиб, Республикада иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Тақдирлаш маросимида Андижон вилояти хокимининг ўринбосари Ўткирбек Шукуров ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Дилшод Мирзамамедовлар қатнашиб, барча ғолиб ва совриндорларни муборакбод этдилар.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.