Бугуннинг гапи

Обод манзиллар


06.03.2018   360

Вилоятимиз маркази, шаҳар ва туманларда биноларни қайта қуриш, таъмирлаш, кўча ва хиёбонларни ободонлаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов жараён билан яқиндан танишди. Андижон туманида бунёд этилаётган "Милантекстил" корхонасининг ички қисми таъмирдан чиқарилди. Бинонинг фасад қисмига безак берилиб, ҳудудга брусчатка босиш давом эттирилмоқда. Вилоят раҳбари корхона мутасаддилари билан суҳбатда уларнинг режалари билан қизиқди. Маслаҳат ва тавсияларини берди. Корхонадаги бунёдкорлик ишлари ва уни жиҳозлашга тадбиркорнинг 7 миллиард, "Алоқабанк"нинг 2 миллиард сўм кредит маблағи йўналтирилди. Тез кунларда бу ерда 240 нафардан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланади. Улар томонидан тикиладиган аёллар ва болалар кийим-кечаклари хорижга ҳам экспорт қилинади.

Вилоят ҳокими Боғи Бобур дам олиш масканида олиб борилаётган таъмирлаш ва бунёдкорлик ишларини ҳам кузатди. «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи, унинг атрофини янада кўркам, обод манзилга айлантириш ҳамда мевали-манзарали кўчатлар экиш бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди. Катта йўл бўйида фаолият кўрсатаётган ошхона, савдо дўконлари ва биноларни шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуриш бўйича кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг вилоят раҳбари ушбу ҳудудда барпо этилаётган ҳайвонот боғида бўлиб, кенг кўламда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

– Бу масканда эртаклар олами декорациясини яратиш мақсадида қизғин ишга киришдик, – дейди безакчи-рассом Козимжон Исабоев. – Яқин кунларда ҳайвонот боғига 250 турдаги ҳайвонлар келтирилиб, аттракционлар ўрнатилади.

Хўжаобод туманидаги Хидирша маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси бунёд этилмоқда. Мазкур жойни "Ал Ҳаким" фирмаси раҳбари Исроилжон Исабоев обод гўшага айлантириб, 200 та янги иш ўрни яратишни мақсад қилган.

* * *

Андижон шаҳри марказидаги Жомеъ мажмуаси ва унинг ҳудудида амалга оширилаётган капитал таъмирлаш ҳамда ободончиликнинг боришини кузатган вилоят раҳбари қурувчилар билан самимий мулоқот қилди. Мазкур мажмуа келгусида шаҳарликлар ва меҳмонларнинг энг севимли масканига айланишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, шаҳримизнинг 1- ва 5-кичик даҳаларида қурилаётган хусусий умумтаълим ҳамда мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, уларни тезроқ фойдаланишга топшириш бўйича топшириқлар берди. Андижон-Асака автомобиль трассаси бўйлаб олиб борилаётган ишлар билан танишиш асносида вилоят ҳокими «Uzmedical center» даволаш марказида яратилган шароитларга катта баҳо берди.

– Наврўз умумхалқ байрами арафасида қилинаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари халқимиз менталитетига мос ва хос юмушлардир, – деди вилоят раҳбари ўзаро суҳбатлар чоғида. – Зеро, бу йил ушбу миллий айёмимизни Андижонда ўзгача нишонлаш тараддуди кўрилмоқда. Шундай экан, бунга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимизнинг бурчига айланмоғи даркор.

Жаҳонгир СОДИқЖОНОВ,

Нажмиддин ЭРГАШЕВ.

Хурсандбек АРАББОЕВ .