Андижон 24

ОАВлар партиялар учун очиқ минбар бўлиши керак


27.09.2019   1669

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот маркази Андижон вилояти бўлимида жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайлов жараёнини ёритишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда республика оммавий ахборот воситаларининг Андижондаги вакиллари, маҳаллий давлат бошқарув органлари матбуот хизмати вакиллари, шаҳар ва туман газеталари журналистлари, блогерлар иштирок этди, дея хабар бермоқда “auz.uz” мухбири Умиджон Мамарасулов.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев мамлакатимизда сайлов кампаниясига старт берилгани, эндиликда оммавий ахборот воситаларининг олдида бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар турганини қайд этиб, сайлов олди тарғибот ишларида холисликни таъминлаш, ҳар бир партиянинг фаолиятини ёритишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида ўзининг фикр-мулоҳазалари ҳамда тавсияларини берди.

- Одамларимизнинг фикрлашига эътибор қаратсангиз, бу йилги сайловлар ўзгача руҳда ўтишига шубҳа қилмайсиз, - дейди Шерзодхон Қудрахўжаев. –Бироқ сиёсий партиялар очиқлик, шаффофлик асосида номзодларини илгари сурган ҳолда курашиши, бунда оммавий ахборот воситалари очиқ минбар вазифасини бажариши шарт. Бунинг учун журналистларимиз ўзи меҳнат қилаётган, теле- ва радиоканалларда, газета ва журналларда, сайтларда нафақат партияларнинг дастурларини, балки сиёсатчилар, депутатлар, электорат вакилларининг таклиф ва мулоҳазаларини, дебатларини бериб бориши лозим. Бу орқали ҳар бир сайловчи сайлов участкасига боришдан олдин ўзи яшаётган ҳудуддаги округдан кимнинг номзоди қайси партиядан қўйилаётганлигини, қандай ғояларни илгари сураётганлигини ўрганиши зарур. Ана шундагина сайловлар биз кутган даражада ўтади ва сайловчи ўзи муносиб деб билган номзодга овоз беради. Шунинг учун Халқаро матбуот марказининг вилоятдаги бўлимлари ОАВлар билан сайлов кампанияси даврида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.