Андижон 24

«НУРОНИЙ»НИНГ ҲАЙРЛИ ИШИ


21.07.2019   3547

Фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими ташаббуси ва ҳомийлигида 90 ёшни қаршилаган марҳаматлик отахоннинг хонадонида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Жамғарма вилоят бўлими раиси Ўктам Охуновнинг айтишича, нуронийлар Марҳамат туманида амалга оширилаётган «Обод туман» давлат дастурига ўз хиссаларини қўшиш мақсадида ҳайрли ишга қўл уришган. Яъни улар томонидан махсус гуруҳ тузилиб, тумандаги якка-ёлғиз кексалар, имконияти чекланган шахсларннг яшаш шароити ўрганилган, заруратга кўра моддий- маънавий ёрдам кўрсатилган.

(Уйнинг таъмирдан олдинги кўриниши).

Ўрганишлар давомида Йўламатол маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони, 90 ёшли Мавлонбек Қурбонов фарзанди Орифжон билан талабга жавоб бермайдиган даражадаги битта хонада кун кечириши аниқланган. Ана шундан сўнг жамғарма ва туман ҳокимлиги томонидан бир ой мобайнида хонадонда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилган ҳамда қисқа муддат ичида якунига етказилган.

-Мана бир неча ўн йилдирки отам ҳасталикдан азият чекади, қаровга муҳтож, - дейди Орифжон Қурбонов. - Куну тун ўзим қарайман. Менинг топганим ва дадамнинг пенсияси кундалик эҳтиёжимизга аранг етади. Шу сабабли иложсизликдан ночор ҳолатда яшаймиз. Аллоҳга шукур нуронийларнинг ёрдами билан хонадонимиз обод бўлди.